Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари маҳаллий МЧЖ вакилидан муқаддам пора сифатида олган 14,5 минг доллардан 5 минг долларини қайтариб бераётган вақтида қўлга олинди, дея хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Аниқланишича, 2021 йилда прокуратура органлари томонидан мазкур МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича солиқ идоралари ҳужжатли тафтиш ўтказган.

«Ўша даврда вилоят Давлат солиқ бошқармасида бош инспектор бўлиб ишлаган мазкур мансабдор шахс аниқланган 900 млн сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар бўйича белгиланиши лозим бўлган 300 млн сўмлик жарима миқдорини 72 млн сўмга камайтириб бериш эвазига 14,5 минг доллар миқдорида пора олган», — дейилади ДХХ хабарида.

Ҳозирда унга нисбатан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилгани айтилди.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятидаги туманлардан бирининг Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи 1998 йилда туғилган фуқарони вилоятдаги ҳарбий қисмлардан бирининг оркестрига ишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ИЖҚК Департаментининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда мазкур мансабдор шахсга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввлроқ ДХХ Тошкент, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилганини маълум қилганди. Жумладан, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида 32 гектар ер майдонини 35 минг доллар эвазига харидор номига расмийлаштириб бермоқчи бўлган шахс қўлга олинган.