Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда президент табригини улашиш мақсадида қорбобо кийимида оилаларга ташриф буюрди.

Ҳокимнинг матбуот котиби Зафар Мирраҳимовнинг «Газета.uz»га хабар беришича, қорбобо кийимида оилаларга кириб бориш ғояси Ғофур Мирзаевнинг шахсан ўзидан чиққан. Бундан кўзланган мақсад оддий — болажонларнинг Янги йил олдидан кайфиятини кўтаришдан иборат.


Ҳоким шахсан ўзи бир кунда олтита хонадонга қорбобо образида кириб, ёрдам пули, президент табриги ва байрам совғаларини топширган. Моддий ёрдам пулидан ташқари оилаларга қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам берилган.

«Моддий ёрдам ва президент табригини етказишда вилоятнинг туман ва шаҳар ҳокимларига қорбобо образида бўлиш мажбурий эмас, яъни, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарларига бир марталик моддий ёрдамни тез ва манзилли етказиш топшириғи берилган. Буни у ёки бу тарзда топшириш юзасидан ҳеч қандай кўрсатма берилмаган. Шунчаки, барчага байрамона кайфият улашиш назарда тутилган», — дейди Зафар Мирраҳимов.


Унинг сўзларига кўра, янги йилгача вилоят бўйича жами 11 816 та ойилага бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш белгиланган. Бугунги кунга қадар оилаларнинг 60 фоизига ёрдам пуллари тарқатиб бўлинган.


Маълумот учун, президентинг қарорига асосан, декабрда шу йили «Темир дафтар» га киритилганлар, 18 ёшга тўлмаган фарзанди бор боқувчисини йўқотганлар пенсиясини олувчи оилалар ҳамда 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчиларга бир марталик 800 минг сўм миқдорида моддий ёрдам берилади.

Лолагул Қаллиханова тайёрлади.