Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида тўрт нафар фуқаро экстремистик мазмундаги аудио-видео материалларни танишларига тарқатиб, тарғиб қилиб келгани маълум бўлди. Бу ИИБ ва ДХХБ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, гуруҳга 2002 йилда туғилган М.А. бошчилик қилган. Унга 1998 йилда туғилган М.Б., И.А ҳамда 2004 йилда туғилган Р.М.лар аъзо бўлган.

Улар муқаддам бир маҳаллада истиқомат қилган ва ҳозирда Сурия ҳудудидаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилоти сафига бориб қўшилган И.А. (1994 й.т.) ва А.Н.лар (1987 й.т.) билан интернет орқали алоқа боғлагани айтилмоқда.

«Террорчилик ташкилоти аъзолари таъсирида экстремистик мазмундаги аудио-видео материалларни яқин танишлари орасида тарқатиш ва тарғиб қилиш билан шуғулланиб келган», — дейилади хабарда.

Тўпланган материаллар асосида мазкур шахсларга Жиноят кодексининг 244,1-моддаси 3-қисми «г» банди (ОАВдан фойдаланиб, жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Уларнинг айби суд мажлисида ўз тасдиғини топса, гумонланувчилар 5−8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.