Сирдарёда ўз фарзандини пул эвазига сотишга уринганликда гумон қилинган аёл қўлга олинди, деб хабар берди Сирдарё вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Мазкур ҳолат вилоят ИИБ, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХ ходимлари томонидан Гулистон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди.

1996 йилда Сирдарё вилояти, Ховос туманида туғилган фуқаро О.У ўзининг 2021 йил 3 июнь куни туғилган фарзанди О.Ш. ни «харидор» фуқаро М.Г.га 15 000 АҚШ долларига сотган вақтда ушланди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, аёлдан кимёвий ишлов берилган пуллар далилий ашё сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан О.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси), 3-қисми «а» банди (ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди ҳамда аёлга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Айбланувчи 8 йилдан 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкентда уч кунлик чақалоғини 18 минг долларга сотаётган аёл 5 йилга қамалганди.