Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида сайловчилар билан учрашувда вилоятни Тожикистон орқали Фарғона водийси билан боғловчи 4 та транзит автобус йўналишларини жорий қилиш режаси билан ўртоқлашган эди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари Гулистон шаҳрида қурилаётган Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказига ташрифи давомида ОАВ вакиллари билан ҳам мулоқот қилган.

Унда Шавкат Мирзиёев журналистларнинг ушбу йўлнинг очилишига Тожикистон томонининг муносабати қандайлиги ҳақидаги саволига жавоб берган.

Kun.uz`нинг ёзишича, президент бу йўл қадимдан бўлгани ва Ховосни Тожикистон ҳудуди орқали водий билан боғлаганини таъкидлаган.

«Афсуски, турли сабабларга кўра бу йўл ёпилиб қолди. Мен уни очиш бўйича анчадан бери ўйлаяпман, қўшниларимиз билан бу масалани муҳокама қиляпман. Улар бу йўлнинг очилишига рози, йўлнинг аҳволи ҳам қониқарли, яхши таъмирлаб туришган. Бу режа амалга ошиши ҳар икки давлат учун ҳам манфаатли. Чунки борди-келди, савдо-сотиқ бўлади», — деди у.

Давлат раҳбарининг сўзларига қараганда, аввалига мазкур йўналишлар синов тариқасида, кейин эса мунтазам йўлга қўйилади.

«Энг муҳими — бу режамиз амалга оширилиши Қамчиқ довонидаги транспорт оқимини камайтиради. Чунки қатнов йилдан-йилга ошиб бормоқда. Лекин бунинг учун ҳали ишлашимиз керак, янги, сифатли автобуслар харид қилишимиз, дастлаб синов тариқасида, кейин мунтазам қатновни йўлга қўйишимиз зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур йўлнинг қайта тикланиши водий аҳолисининг Сирдарё ва Жиззахга келиб ишлаб, шу ерда истиқомат қилаётгани билан ҳам боғлиқ.

«Масаланинг яна бир жиҳати — Сирдарё, Жиззах аҳолисига эътибор берсангиз, уларнинг аксарияти чўлқувар бўлиб водийдан келганлар. Жиззахнинг Зарбдор туманидаги совхозлардан бири ҳатто „Андижон“ деб номланган, „Озарбойжон“ номлиси ҳам бор. Шу сабаб бу ҳудуд аҳолиси учун Фарғона водийси билан борди-келди қулай бўлиши жуда муҳим. Худо хоҳласа бу режани амалга оширамиз», — деди президент.