Сирдарё вилоятида 30 ва 31 ёшли фуқаролар ижтимоий тармоқларда экстремистик ва террорчилик ташкилотларнинг радикал ғояларини тарқатганликда гумон қилинмоқда. Ушбу ҳолат Сирдарё вилояти ИИБ ва ДХХ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди.

Сирдарё туманида яшовчи 1992 йилда туғилган фуқаро «А.Х.» Telegram мессенжерида виртуал гуруҳ очиб, ақидапарастликни тарғиб қилувчи аудио ва видео материалларни жойлаштириб, уни интернет фойдаланувчилари орасида оммалаштиргани айтилмоқда ва у қўлга олинган.

Шунингдек, тезкор тадбирда унга яқин алоқада бўлган, 1991 йилда туғилган «Ғ.Д.» ҳам терговга жалб этилган.

Икки фуқаронинг телефонлари ва яшаш манзилларидан олинган далилий ашёлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Уларга Сирдарё вилоят ИИБ Тергов Бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 244 прим 1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди (уларни ОАВ ёки интернетдан фойдаланиб тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Фуқаро «А.Х.»га нисбатан эса «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.