Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги йўлларни таъмирлашда бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ДХХ, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ўтказилган текширувларда маълум бўлди.

Хусусан, 2020−2021 йилларда Боёвут тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан тумандаги умумфойдаланув автомобиль йўллари ва «Обод қишлоқ» дастурига асосан ички йўлларда амалга оширилган қайта таъмирлаш ишлари назорат ўлчовидан ўтказилган.

Натижада мазкур корхона мансабдор шахслари ҳисоботларга бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 1 млрд. 525 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари маълум бўлди.

Ҳозирда Боёвут тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167- («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») ва 209- («Мансаб сохтакорлиги») моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.