Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими бўлиб ишлаб келаётган Исроил Аманов вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига Муборак тумани прокурори вазифасида ишлаб келаётган адлия маслаҳатчиси Самад Ҳасанов ҳоким лавозимига маъқулланди.
Улуғбек Муҳаммадиев Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори этиб тайинланди.
Ўзбекистон бош давлат санитар инспектори Нурмат Отабековнинг коронавирусга чалингани тасдиқланди.
Турли йилларда Интеллектуал мулк агентлиги, Миллий кутубхона, президент матбуот хизматига раҳбарлик қилган Асаджон Ходжаев Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига директор этиб тайинланди.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига депутатлик сўрови юборилди. Сўровда UzAuto Motors томонидан «Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига риоя қилинишини текшириш, автомобилларга асосли нархлар қўйилишини назорат қилиш талаби қўйилган.
Ярим йил ичида элчихоналарнинг бевосита ёрдами билан 513 млн долларлик 492 та янги экспорт шартномаси имзоланди. Вилоят ҳокимликлари билан 814 млн долларлик 106 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда — Сенат ТИВнинг иқтисодий дипломатия соҳасидаги фаолияти натижалари билан танишди.
Президент иштирокидаги йиғилишда Бухоро, Фарғона, Самарқанд ва бошқа вилоятларда пневмония ҳолатлари кўпайгани таъкидланди. Республика махсус комиссиясига малакали мутахассислардан иборат гуруҳлар тузиб, ҳар бир ҳудудга юбориш ҳамда беморларни даволаш бўйича кўрсатмалар берилди.
1 октябрдан бошлаб тадбиркорларга «Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси»ни бериш амалиёти жорий қилинади. Белгилар «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифалар бўйича 12 ой муддатгача берилади. Бунда «яшил» белгига эга тадбиркорнинг фаолияти Санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан ўрганилиши ва текширилишига йўл қўйилмайди.
Тиббиёт таълим муассасалари битирувчилари, пенсионерлар ва бошқа тиббиёт мутахассислигига эга бўлган шахслар коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларга жалб қилинади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги фаолияти тугатилиб, унинг ўрнига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкил этилди. Хизматга тиббий мажбурлов чораси қўллаш ҳуқуқи берилди ва унинг ваколатлари барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширилиши белгиланди.
Парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Бобур Бекмуродов «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси этиб сайланди.
Президент фармони билан 1 январдан вилоятлардаги судлар негизида умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Туман ва шаҳар маъмурий судлари тугатилади, маъмурий судларни кўриб чиқиш ваколати эса жиноят ишлари бўйича судларга берилади. Суд тизимига дастлабки эшитув институти ва «бир суд — бир инстанция» тамойилини жорий этилади, шунингдек, прокурорларнинг суд ишларини кўриб чиқишдаги иштироки тартиблари қайта кўриб чиқилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити байрамини 31 июль, жума куни нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатда байрамнинг карантин талабларига риоя қилган ҳолда ўтиши учун зарур чоралар кўриш топширилган.
Президент Шавкат Мирзиёев пандемияни жиловлашда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ шифокорлар, ИИВ, ФВВ, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ходимлари ва бошқаларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди.
Президент коронавирус юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида амалдаги карантин чекловларини узайтиришга розилик билдирди.
Депутат Расул Кушербаев монополистлар инқироз даврида «катта-катта маблағларга эга бўлаётганлиги»га эътибор қаратди. Энергетика вазирлиги депутатнинг гапларига эътироз билдириб, истеъмол бўйича тўловлар билан боғлиқ вазият яхшилангач, давлат томонидан соҳани қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлар бюджетга қайтарилишини маълум қилди.
Муҳаммадзокир Маматхонов Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи лавозимига тайинланди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги ўн кунда 16 нафар раҳбар ишдан бўшатилган, «талон-торожлик ва коррупция авж олган» кадастр соҳасига бағишлаб йиғилиш ўтказди. Давлат раҳбари тизимга рақамли технологияларни жорий этиш бўйича топшириқлар берди.
Депутат Расул Кушербаев UzAuto Motors компаниясини Damas ларни «от нархларида» сотишда ва коронавирус пандемияси билан боғлиқ оғир аҳволга эътибор бермасликда айблади. «Ўзавтосаноат» нинг таъкидлашича, компания хайрия мақсадида 37 млрд сўмдан кўпроқ маблағ ажратган. Лекин компания депутатлар томонидан ишлаб чиқилган «Хайрия тўғрисида» ги қонун сабабли хайрияга ундан кўпроқ сарфлай олмаслигини айтмоқда.
«Миллий тикланиш» партияси лидери Алишер Қодиров Исроил тажрибасига суянган ҳолда хориждан Ўзбекистон фуқароларини олиб келишни тўхтатиш, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштиришни таклиф қилди. Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев хорижда қолган барчани қайтаришга ваъда берган эди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг