Президент фармони билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкил этилди, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Таъкидланишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилиши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилди.

Давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосан Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг тизимидаги ташкилотлар, жумладан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш ҳуқуқи берилди.

Шу билан бирга, Санитария-эпидемиология хизмати аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун жавобгар бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибига киради.

«Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади», — дейилади президент қарорида.

Таъкидланишича, Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ва унинг бошлиғи бир вақтнинг ўзида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Бош давлат санитария врачи ҳисобланади.

Шунингдек, қарор билан Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида юридик мақомига эга бўлмаган Биологик хавфсизлик маркази ҳамда Ген технологиялари маркази ва Санитария-эпидемиология хизмати марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмаларида тегишлича Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари таҳлили ва истиқболни белгилаш маркази ва унинг бўлинмалари ташкил этилди.

Бундан ташқари, хавфни таҳлил қилиш механизмини жорий қилиш учун назорат остидаги объектларнинг ягона электрон базаси яратилади ва 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади ҳамда «Электрон ҳукумат» тизимига интеграция қилинади.

Санитария-эпидемиология хизматининг тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларига коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар тўланади.

2021 йил 1 январдан бошлаб Санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг амалдаги ойлик иш ҳақларига қўшимча равишда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга бўлганда лавозим маошига — 30 фоиз, фан доктори (DSc) илмий даражаларига эга бўлганда — 60 фоиз ҳар ойлик устамалар белгиланади.

Санитария-эпидемиология хизмати Давлат бюджетидан тизимга ажратилган маблағлар, уларнинг сарфланиш йўналишлари, самарадорлик натижалари юзасидан маълумотларни ҳар ой якуни бўйича жамоатчиликка эълон қилади ва ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.

Фармон билан шунингдек, Санитария-эпидемиология хизматининг бюджетдан ташқари Махсус жамғармаси ташкил этилгани маълум қилинди.