Асаджон Ходжаев Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига директор этиб тайинланди. Бу ҳақда АОКАдан «Газета.uz»га хабар қилинди.

Асаджон Ходжаев (1970 йилда туғилган) — Тошкент электротехника алоқаси институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (2001 йил) битирувчиси. Мутахассислиги — электроалоқа муҳандиси, иқтисодиёт магистри.

1995−2001 йилларда алоқа вазирлиги, Почта ва телекоммуникация марказий аппаратида ишлаган, 2001−2003 йилларда «Ўзбекистон почтаси» Давлат акционерлик компанияси бош директорининг биринчи ўринбосари, UZINFOCOM Компютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази директорининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.

2003−2004 йилларда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши аппарати етакчи консултанти, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлиги лойиҳаси раҳбари ўринбосари бўлган.

2004−2011 йилларда Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ўринбосари, 2011−2012 йилларда Интеллектуал мулк қўмитаси бош директори, 2012−2017 йилларда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона директори сифатида фаолият кўрсатган.

2017−2018 йилларда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2018−2019 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказига директор бўлган.

Тайинловга қадар — 2019 йил ноябридан — Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.