Ўзбекистон президенти 27 июль куни «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонини қабул қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги мавжуд кичик ва ўрта тиббий ходимлар вакант жойлари тиббиёт таълим муассасалари битирувчилари, пенсионерлар ва бошқа тиббиёт мутахассислигига эга бўлган шахслар орасидан тўлдирилади.

Республикадаги ОТМларнинг «Биология» таълим йўналишини тугатган битирувчилар Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Тошкент тиббиёт академияси ва уларнинг ҳудудий филиаллари, Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтларида вирусология лабораториясининг врач-лаборанти мутахассислиги бўйича онлайн тарзда бир ойлик қайта тайёрлаш курсларини ўтайди.

«Карантин тадбирлари якунига қадар барча тиббиёт ОТМларининг давлат гранти асосида таҳсил олган битирувчилари 1 йилгача бўлган муддатга вазият оғир бўлган ҳудудларга жалб қилинади», — дейилади фармонда.

Шу билан бир қаторда, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ҳудудий бўлинмаларининг тиббий ходимларини «валеолог» мутахассислигига қайта ихтисослаштириш бўйича бир ойлик қисқа муддатли онлайн курслар ташкил қилинади.