Президент Шавкат Мирзиёев пандемияни жиловлашда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ходимлари ва бошқа ташкилотчиларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Шу ўринда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касалликка қарши мардона курашаётган фидойи шифокорларимизга ҳар қанча раҳматлар айтсак, арзийди. Бугун коронавирус пандемияси шароитида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаётини асраш, юртимизда инфекцияни жиловлашда улкан жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия ходимларини ва бошқа ташкилотчиларини фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармонни имзоладим», — деди давлат раҳбари.

Олдинда бундай мукофотлар кўп бўлиши таъкидланди. Бу курашда ўзини аямай меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимлари албатта муносиб тақдирланади.

«Биз пневмонияни даволашда нафақат ўзимизнинг шифокорлар, балки видеоалоқа орқали хориждаги етакчи мутахассисларни консультация беришга жалб қиляпмиз, — деди Шавкат Мирзиёев. — Ҳозирги вақтда германиялик тиббиёт профессори юртимизга келиб, даволаш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда. Бугун Туркиядан бир гуруҳ профессорлар етиб келади. Бошқа давлатлардан ҳам энг тажрибали мутахассисларни жалб қилиш бўйича иш олиб боряпмиз».

Давлат раҳбари халқаро ва маҳаллий тажрибани ҳисобга олиб, коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси янгиланганини маълум қилди. Тиббиёт олий ўқув юртлари ва коллежлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар ва пенсияга чиққан мутахассислар орасидан жами 5 мингта врач ҳамда 9 мингта ҳамшира беморларни даволаш ва маслаҳат беришга жалб этилди.

Шу билан бирга, охирги кунларда коронавирусни даволаш учун қўшимча 46,5 мингта ўрин ажратилгани, яна 31 мингта ўрин ташкил этилиши, 397 та тез тиббий ёрдам машинаси харид қилингани, бир ой муддатда яна 409 та машина жойларга етказилишини таъкидлаб ўтди.