27 июль куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати таъсисчилари йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан янги раис сайланди, дея хабар қилди ҳаракат матбуот хизмати.

Унга кўра, Парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Бобур Бекмуродов Ҳаракат раиси бўлди.

Бобур Бекмуродов (1985 йилда туғилган) Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент молия институтини тамомлаган. 2005−2006 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги Partnership for Academic development («Академик ривожланиш бўйича ҳамкорлик») дастури тингловчиси, 2018 йилда The John Smith Trust (Буюк Британия) менеджмент дастури тингловчиси бўлган.

Маълумот учун, «Юксалиш» ҳаракати раиси мақомига кўра вазирга тенглаштирилган. Ҳаракатнинг собиқ раиси ва Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурҳонов эса аввалроқ янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори этиб тайинланган эди.