Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев ва Нодир Жумаев «Парламент назорати» шаклида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Шариповга тегишли депутатлик сўровини юборди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. Сўровда гап UzAuto Motors АЖнинг фаолияти, автомобилларнинг таннархи ҳусусида гап кетади.

«Автомобиль ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи UzAuto Motors АЖнинг март ойида бир қатор енгил автомобиллар нархини ошириши сайловчилар ва жамоатчилик вакиллари томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мамлакатимизда рақобат муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратиш инвестициявий муҳитни яхшилашнинг муҳим талаби эканлигини инобатга олиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ депутатлар томонидан мазкур соҳа ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилмоқда», — деб ёзади Расул Кушербаев.

Сўровда ҳукумат топшириғи доирасида UzAuto Motors томонидан «Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига риоя этилиши, шу жумладан, ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилишининг асослилиги юзасидан олиб борилган ўрганишлар, кўрилган чоралар ҳақида асослантирилган ахборот бериш, қўмитанинг автомобиллар нархини аҳолининг харид қобилиятига мослаштириш юзасидан нуқтаи назарини баён этиш талаби қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида UzAuto Motors ўз автомобиллари нархини ошириши сайловчилар ва жамоатчилик вакиллари томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Шунингдек, депутат Расул Кушербаев аввалроқ UzAuto Motors компаниясини Damas тез тиббий ёрдам машиналарини қиммат нархларда сотаётгани сабаб танқид қилган эди.