Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Қурбон ҳайити байрамини 31 июль, жума куни нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар қилди.

«Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 31 июль — жума кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2020 йил 31 июль Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин», — дейилади қарорда.

Ҳужжатда қўшимча дам олиш кунлари кўзда тутилмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайитининг карантин талабларига риоя қилган ҳолда, миллий ва диний анъаналарга мос равишда ўтиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.