29 июль куни Олий Мажлис Сенати ва халқ депутатлари вилоят кенгашлари аъзолари Ташқи ишлар вазирлигининг йилнинг биринчи ярмида иқтисодий дипломатия соҳасидаги фаолияти натижалари билан танишди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Хабарга кўра, апрель-июнь ойларида элчихоналарнинг бевосита ёрдами билан умумий қиймати 513 миллион АҚШ долларига тенг 492 та янги экспорт шартномаси тузилган.

Хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳасида дипломатик ваколатхоналар Фарғона, Наманган, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда умумий қиймати 814 миллион долларга тенг 106 та лойиҳани ишлаб чиқиш ва уларни чет элда яшаётган ватандошлар иштирокида амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Тадбирда ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов сўзга чиқиб, Вазирликнинг хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспортни ривожлантириш борасидаги фаолияти тўғрисида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, идоралараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташаббуси билан «Мувофиқлаштирувчи гуруҳ» кўринишида жорий этилган янги механизм «дипломатик ваколатхоналар-вазирликлар-ҳокимликлар» йўналиши бўйича тўғридан-тўғри ва тезкор маълумот алмашишни ўз ичига олади.

Илҳом Неъматов Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатда COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатиш бўйича аниқ мақсадли ишларни амалга оширганини таъкидлади. Хусусан, жами 11,6 миллион долларлик гуманитар юклар ҳамда молиявий ва техник ёрдам жалб этилди.

Бундан ташқари, Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг зарар кўрган ҳудудларига ёрдам бериш учун Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналари томонидан 700 минг доллар миқдорида беғараз ёрдам кўрсатилди.

Хабарда йил бошида ҳар бир ҳудудга қўшимча равишда 10 та дипломатик ваколатхона бириктирилгани таъкидланган. Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппарати ходимлари республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларига бириктирилган, улар ИТСВ билан биргаликда маҳаллий ҳокимият органларига ташқи иқтисодий ҳамкорлик масалаларини илгари суришда ёрдам беришмоқда.