Тадбиркорларга «Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси»ни бериш амалиёти жорий қилинади. Бу тўғрисида тегишли президент фармони қабул қилинганлиги ҳақида Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, 1 октябрдан бошлаб тадбиркорларга уларнинг фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини ўрганиш ва таҳлиллар натижаларига асосан «Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси»ни бериш амалиёти жорий қилиниши кўзда тутилган.

Белги Санитария-эпидемиология хизмати томонидан уч хил турдаги — «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифалар бўйича 12 ой муддатгача берилади.

«Яшил» тоифадаги белгига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти Санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан ўрганилиши ва текширилишига йўл қўйилмайди (оммавий заҳарланиш ва гуруҳли касалликлар қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно).

Шунингдек, фармонда қайд этилишича, белги тадбиркорлик субъектларининг ташаббуси билан (ихтиёрий) ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда давлат органлари ташаббуси билан (мажбурий) берилади.