Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманига янги ҳоким тайинланди, дея хабар берди Қашқадарё вилояти матбуот хизмати.

30 июль куни Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, туманда амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслигини таъкидлади.

Бу борада вилоят ҳокими алоҳида туманда фуқаролар мурожаатлари, таълим тизими, йўллар, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва экспорт масалаларига умуман эътибор қаратилмаганини билдириб ўтди.

«Тумандаги 30 та мактабларда иситиш тизими йўқ, 6 таси таъмирталаб. Мактабгача таълимга қамров 47 фоиз. Энг ачинарлиси Президентимиз қарори билан бугун вилоятдаги 20 000 та эҳтиёжманд оилага 1 миллион сўмдан нақд пул берилиши бошланган эди. Аммо, ушбу туманда 1040 нафар эҳтиёжманд оила бўла туриб, бугун ушбу хайрли иш амалга оширилмади. Сабаби — масъулларда хисоб-китоб бўлмаган», — дейилади хабарда.

Юқоридаги бир қатор камчиликлардан келиб чиқиб, Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани кенгашининг сессия ишида ташкилий масала кўрилгани маълум қилинди.

Жумладан, бугунги кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Исроил Аманов вазифасидан озод этилди ва унинг ўрнига Муборак тумани прокурори вазифасида ишлаб келаётган адлия маслаҳатчиси Самад Ҳасанов сайланди.