Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Инқирозга қарши курашиш жамғармаси харажатларининг катта қисми монополияларга ажратилганига эътибор қаратди. Энергетика вазирлиги унинг фикрларига эътироз билдирди.

Кушербаев Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг даромад ва ҳаражатлари ҳақида тўхталиб: «мана шундай оғир шароитда ҳам бизни „боқиманда“, халқ ҳисобига кун кўриб юрган монополистларимиз „безбетларча“ катта-катта маблағларга эга бўлаётганлиги асабларни таранг қилмоқда», — деб ёзди.

Депутат коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун мамлакат бўйича 907 млрд, шифохона ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш учун жами 684 млрд. сўм ажратилган бир вақтда, иқтисодиётни қўллаб қуввватлаш деган банд билан монополиялар «Uzbekistan airways» АЖга ссуда тариқасида 406 млрд, «Uzbekistan airports» АЖга ссуда тариқасида 101 млрд, «Ўзбекнефтгаз» АЖга субсидия ҳисобида 401 млрд, «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖга ссуда тариқасида 40 млрд, «Иссиқлик ээлектр станциялари» АЖга субсидия тариқасида 500 млрд, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга ссуда тариқасида 250 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ажратилганини эсга солади.

«Бир нечта монополистга ажратилган маблағ жами коронавирусга қарши кураш учун ажратилаётган маблағдан ҳам кўп. Бу инсофсизлик эмасми?», — деб ёзади Расул Кушербаев.

У монополиялар фаолиятига тўхталиб, қуйидагича фикр билдирди: «Истеъмолчи сифатида халқимизга танлов имкониятини бермайдиган ҳурматли монополчиларимизни фаолиятидан одамларимиз шу кунга қадар рози бўлиб келганда ҳам алам қилмасди. Айтинг қайси биридан биз розимиз: дунёда нефт нархи минус даражага тушган вақтда ҳам бензин нархини бир икки ҳафтага номига тушириб, яна қайтариб қўйган «ўйинчи» «Ўзбекнефтгаз»данми, билет нархлари осмон, сифати паст «Uzbekistan airways» номли ҳаво йўллариданми ё жойларда нормал чироқ ёқиб ўтиришдан ҳам маҳрум қилаётган электр тармоқлариданми?»

«Мана монополиянинг оқибати: улар давлат ва халқни танасидаги зулукдек ўлгунча сўришади, халқ кулса ҳам ўлса ҳам улар доимо юк, миллионлаб одамлар бир нечта «эркатой»ни боқишга маҳкум бўлади. Шу сабаб, давлат бу зулуклардан кечиб майдонни мард, ҳалол, масъулиятли рақобатчиларга тезроқ бўшатиб бериши керак», — дея хулоса қилади депутат.

Энергетика вазирлигининг жавоби

Энергетика вазирлиги «Ўзбекнефтегаз» АЖга 401 млрд сўмлик субсидия, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ учун 500 млрд сўмлик субсидия ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ учун 250 млрд сўмлик субсидия шаклида давлат ёрдами кўрсатилганлигини истеъмолчиларни, биринчи навбатда Ўзбекистон аҳолисини мунтазам равишда сифатли газ ва электр энергияси билан таъминлаш зарурияти билан изоҳлади.

Хабарда, шунингдек ушбу маблағларнинг ажратилиши тўғрисидаги қарор Президент қарорига асосан махсус комиссия томонидан қабул қилинганлиги қайд этилган.

«Маълумки, электр ва газ таъминоти соҳалари барқарор фаолият юритиши учун катта моддий харажатлар талаб қилинади. Бу энг аввало, ҳар кунлик жараён билан боғлиқ бўлиб, унда улкан саноат занжири иштирок этади. Ушбу занжир таркибида электр энергия ишлаб чиқарувчи, ер қаъридан газ олувчи, уни етказиб бериш, тақсимлаш билан, айни пайтда газ ва электр таъминоти тизимларининг ҳолатини кузатиш билан шуғулланувчи компаниялар мавжуд.

Бундан ташқари, ҳар йили ёз фаслида бу соҳада бутун тизимни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, йилнинг совуқ фаслида узулишларга йўл қўймаслик мақсадида қўшимча ишлар олиб борилади", — дея таъкидлади Энергетика вазирлиги.

Шунингдек Энергетика вазирлиги, карантин даврида Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида электр энергия ва газ таъминотидан уларнинг истеъмоли учун ўз вақтида ҳақ тўламаганларни тармоқдан узмаслик тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ва тизимнинг фаолият юритиши учун зарур бўлган маблағлар билан уларнинг истеъмоли учун келиб тушаётган маблағлар ўртасида узулиш вужудга келганлигини, таъкидлади.

«Айни пайтда, тўловлар билан боғлиқ вазият яхшилангач, давлат томонидан соҳани қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлар бюджетга қайтарилади», — дейилади хабарда.

Энергетика вазирлиги «депутат Расул Кушербаевнинг баландпарвоз фикрларни билдиришдан аввал ўзи тилга олган тузилмаларга мурожаат қилган тақдирда, у шубҳасиз тегишли жавобларни олган бўлар эди. Масъулияти шахслар томонидан билдириладиган фикрлар масаланинг моҳиятини яхши билишга асосланиши керак. Бунинг натижасида фақат асоссиз даъволарга ўрин қолмас эди», — дея таъкидлади.

Вазирлик пандемия даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар дунёнинг барча мамлакатларида, жумладан Европа комиссияси, АҚШ ҳукумати ва бошқа мамлакатлар ҳукуматлари томонидан қабул қилинаётганлигини эслатди.

Олдинроқ, Расул Кушербаев UzAuto Motors компаниясини Damas ларни «от нархларида» сотишда ва коронавирус билан боғлиқ оғир аҳволга эътибор бермасликда айблаган эди. Компания бунга жавобан хайрия мақсадида 37 млрд сўмдан кўпроқ маблағ ажратганини, лекин депутатлар томонидан ишлаб чиқилган «Хайрия тўғрисидаги» қонун сабабли хайрияга ундан кўпроқ сарфлай олмаслигини айтган эди.