Литий қазиб олишга тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон, Путин билан қўнғироқлашган Мирзиёев, беморнинг эри томонидан калтаклаган шифокор, мактаб қизларининг навбатдаги жанжали, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг 2 та чегара пости қайта тикланиши мумкинлиги ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Бухородаги Минораи Калон ёнида жойлашган Пои Калон мажмуасида Владимир Спиваков раҳбарлигида Россия Миллий филармония оркестрининг очиқ осмон остидаги хайрия концерти бўлиб ўтади.
Ўзбекистонда 25 ёшгача бўлган ёшларни ишга қабул қилишда ижтимоий солиқни иш берувчига қайтариш тартиби қайта жорий этилади. Ушбу имтиёз 2021−2022 йилларда амалда бўлган, 9 мингта корхона ундан фойдаланган ва уларга 150 млрд сўм қайтарилган.
Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони Атилла Гулан бошчилигидаги Туркия ҳарбий делегацияси Мудофаа вазирлигида Ўзбекистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони билан учрашув ўтказди. Қаршидаги Олий ҳарбий авиация билим юртига ташриф ҳам кутилмоқда.
Франциянинг Alstom компанияси Тошкент ичидаги трамвай линиясининг оптимал йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатлар беради, дея маълум қилди Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони трамвайларни маҳаллийлаштириш талабини қўймоқда.
27−30 апрель кунлари енгил атлетика бўйича Тошкентда бешинчи Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақада 40 та йўналиш бўйича жами 524 нафар спортчи иштирок этади.
Табиат ресурслари вазирлиги 10 майга қадар давом этадиган «Тоза ҳаво» ойлиги доирасида вазирлик, корхона ва ҳокимликларнинг барча ходимларини ҳар жумани «Автомобилсиз кун» сифатида ўтказишга чақирди.
Ўзбекистонда аҳолидан чипталар, барча турдаги коммунал хизматлар, давлат божи ва бошқа хизматлар учун тўловларни амалга оширишда олинадиган комиссияларнинг энг юқори миқдори БҲМнинг 20 фоизидан кўп бўлмаслиги белгиланди.
Ўзбекистон литий қазиб олиш ва қайта ишлашни йўлга қўймоқчи. Геология вазирлиги мамлакатда бошқа «технологик металлар» деб аталувчи соҳани ривожлантиришни истиқболли йўналиш сифатида кўрмоқда.
Тошкентда Ўзбекистон ва Италия мудофаа вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Ҳар икки давлатнинг экстремизм, диний радикализм ва халқаро терроризмга қарши курашда умумий мақсадлари борлиги қайд этилди.
Чехия бош вазири Петр Фиала Тошкентда Ўзбекистон президенти ва бош вазири билан музокаралар ўтказди. Чехия томони уран ва мис сотиб олиш, трамвай, поезд ва самолётлар етказиб беришдан манфаатдор эканини маълум қилди. Тўғридан-тўғри парвозларни ташкил этиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Сергели туманида энага қарамоғида қолган 3 ёшли қиз вафот этди. Марҳуманинг онаси болани танишиникида қолдириб кетганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали мулоқотида амалий ҳамкорлик, савдо муносабатлари ва корхоналар кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалаларини кўриб чиқди. Конституциявий референдумнинг Россия ҳудудида ўтказилишига кўрсатилаётган кўмак учун Путинга миннатдорлик билдирилди.
Чортоқ туманида талаба қизни ва дугоналарини кўп бора безовта қилиб, ҳатто онасини ўлдириш билан қўрқитган эркакка нисбатан 4,9 млн сўм жарима жазоси қўлланилди.
Асака туманида 30 яшар шошилинч тиббий ёрдам шифокори беморнинг эри ва шериклари томонидан калтакланди. Бунга эрнинг рашк қилиши сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан назоратга олинган.
Ҳозирда безовталик ва депрессия каби руҳий касалликлар кенг тарқалган. ЖССТ Марказий Осиё давлатларини руҳий саломатлик хизматини янада қулайроқ қилиш учун оилавий шифокорлар даражасида руҳий саломатлик хизматини жорий этишга таклиф қилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» ташкилот вакили билан суҳбатлашди.
Шуҳрат Ғаниев Туркманистон ВМ раиси ўринбосари билан Туркманистонда жойлашган Ўзбекистон сув хўжалиги объектларида ишловчилар учун «вахта» режимини бекор қилиш, 2 та чегара пости фаолиятини қайта тиклаш, Амударё сув ресурсларини бирга бошқаришни автоматлаштириш каби масалаларни муҳокама қилди.
Шайхонтоҳур туманидаги мактабнинг 5 нафар ўқувчи қизи уй ертўласида бир қизни калтаклади. Ҳолатга изоҳ берган Тошкент шаҳри мактаб таълими бошқармаси ички ишлар ходимлари тергов-суриштирув ишларини олиб бораётганини билдирди.
Денов туманида аёл кўчага ўйнагани чиққан қизини ундан беркиниб олгани учун таёқча билан калтаклади. Қиз туман марказий касалхонасида даволанмоқда. Ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказиляпти.
ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармаслик ва шунга даъват қилиш БҲМнинг 1 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг