Ижтимоий тармоқларда Асака туманида шифокор калтакланганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, 23 апрелдан 24 апрелга ўтар кечаси Асака туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам қабулхонасига тез тиббий ёрдам машинасида хушсиз ҳолдаги аёл олиб келинган. Беморнинг эри хотинини тиббий кўрикдан эркак шифокор эмас, балки аёл шифокор ўтказиши кераклигини айтиб, талаблар қўйган. Эрнинг рашк қилиши туфайли у ва шифокорлар ўртасида келишмовчилик юзага келган ҳамда бу жанжалга айланган.

«Эртаси куни можаро тиббиёт ходимининг тақиб этган ҳолда бошқа жойда давом этган. Беморнинг эри ва шериклари томонидан 30 ёшли шифокор калтакланиб, унга оғир тан жароҳати етказилган. Шифокор бош мия оғир жарохати ва чайқалиши, чап қулоқ эзилган-кесилган жарохати ташхиси билан Республика тиббиёт маркази муассасаси вилоят филиалига жойлаштирилган ва ҳозирда даволанмоқда», — дейилади расмий ахборотда.

Қайд этилишича, ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан назоратга олинган.