Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида бир нечта қиз бошқа бир қизни калтаклаб, ҳолат тасвирланган видеони ижтимоий тармоқларда тарқатди. Ҳолат юзасидан шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Тарқалган видеода 3 нафар қиз бир қизни калтаклаётгани, бир қиз ўша ерда тургани ва яна бир қиз тасвирга тушираётганини кўриш мумкин. Видеода, шунингдек, калтакланаётган қиз «билиб туриб онадан сўкмасам керак», дея узр сўрагани, лекин қизлар «тўғри ўтир» дея уни уришда давом этгани акс этган.

Аниқланишича, видеодаги воқеа 25 апрель куни тахминан соат 15:00 да туманнинг «Самарқанд дарвоза» МФЙ Учлола кўчасидаги уй ертўласида содир бўлган.

Шу тумандаги 82-сонли умумтаълим мактаби 7-синф ўқувчиси С.С. дугоналари Ч., С., Т. ва Г. билан бирга шу мактабнинг 8-синф ўқувчиси К.М.ни дўппослаган ва тасвирга олинган видеони ўзининг Instagram саҳифасига жойлаган.

Ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мактаб ўқувчи қизлари орасида гуруҳ бўлиб калтаклаш ҳолатлари учраб туради. Жумладан, апрель ойи бошида Янгиҳаёт туманидаги мактабнинг 16, 17 ёшли ўқувчи қизлари 14 ёшли қизни уриб, унга енгил жароҳат етказганди. Қизларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Воқеа юзасидан безорилик ҳолати бўйича жиноят иши очилган.

2022 йилнинг ноябрь ойида эса Тошкент вилояти Паркент туманида қизлар йигит талашиб жанжаллашгани айтилган видео тарқалган. Тошкент вилояти ИИББ ҳолат ёзда содир бўлгани ва ариза келиб тушмаганини маълум қилган. Видеода ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлгани туфайли маъмурий баённома тузилиб, қонуний чора кўриш мақсадида ЖИБ Паркент тумани судига юборилган.