26 апрель куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида вазир ўринбосари — Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони Аҳмад Бурхонов Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Атилла Гулан бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Музокаралар давомида икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий ҳаво кучлари соҳасида ҳамкорлик, бу борада соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация вакиллари Чирчиқда жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб, ҳарбий қисм фаолияти ва кўргазмали парвозлар билан танишишди.

«Туркия Республикасининг Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони армия генерали Атилла Гулан Ўзбекистон ҳарбий мутахассисларининг билим ва тажрибаларини юқори баҳолар экан, келгусида соҳа йўналишида ташкил этиладиган амалий ишлар икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди», — дейилади хабарда.

Туркия ҳарбий делегациясининг ташрифи 27 апрель куни Қаршидаги Ўзбекистон Олий ҳарбий авиация билим юрти фаолияти билан танишиш билан давом этади.