Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги элчиси Сардор Рустамбоев 23 апрель куни Парижда бўлиб ўтган O’zbekistonlik халқаро форуми доирасида «Газета.uz»га Тошкентда трамвай қатновини тиклаш бўйича икки давлат ҳамкорлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Франциянинг Alstom компанияси келишувларга эришилган тақдирда, ўз жиҳозларини етказиб бериб, Ўзбекистон пойтахтида трамвай линияси қуради.

«Янада аниқроғи, [Alstom] Тошкент бўйлаб оптимал йўналишларни ишлаб чиқиш бўйича консалтинг хизматларини тақдим этади. Улар ҳукуматимиз, Тошкент ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги билан биргаликда йўловчи оқими, юкламани ҳисобга олган ҳолда Тошкент ичида оптимал йўналишларни ишлаб чиқади. Ускуналарни етказиб бермаган тақдирда ҳам, агар бошқа етказиб берувчи бўлса, [барибир] бизга бу инфратузилмани яратишда ёрдам беришади», — дея маълум қилди у.

Дипломатнинг таъкидлашича, трамвай линиясини қуриш бўйича режалар кўриб чиқилмоқда, гап Тошкентни Янги Тошкент билан боғлайдиган ҳамда «Дўстлик» метро бекатидан бошланадиган Янги Ўзбекистон кўчасидаги потенциал йўналиш ҳақида кетмоқда.

«Бу энди, инфратузилма нуқтаи назаридан осонроқ — мавжуд йўллар бузилмайди, балки энг яқин метро бекатидан Янги Тошкентгача йўл очилади. У ерда йўловчилар очими кичик бўлади деб ўйламайман. [Янги Тошкент] ҳақиқатан миллионер-шаҳар бўлади. Ўйлайманки, жуда тез тўлади. Шу боис, ҳозирги босқичда биз аллақачон янги инфратузилмани қурмоқдамиз», — деди Сардор Рустамбоев.

Трамвайларнинг ўзини Alstom`дан етказиб бериш имкониятига келганда, элчининг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони «маҳаллийлаштириш талабини қўймоқда».

«Биз ҳозир маҳаллийлаштириш талабини қўймоқдамиз. Чунки уни етказиб бериш бошқа, иложи борича маҳаллийлаштириш бошқа масала. Шунинг учун буларнинг барчаси суҳбат мавзуси, келишувлар мавзуси. Лекин энг муҳими, икки давлат президентларининг сиёсий иродаси бор. Келишувга эришилди ва Франция бу борада, бу соҳада дунёда етакчи ҳисобланади. Шунинг учун уларнинг компетенцияси борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Бизга берилаётган барча таклифлар ва маслаҳатлар, менимча, шаҳардаги тирбандлик ҳолати билан боғлиқ вазият тез ва оператив бартараф этилишига олиб келади», — деди у.

«Газета.uz» ўтган йилнинг ноябрь ойида Alstom Тошкентда трамвай линияларини қуриши ҳақида хабар берган эди. Ўшанда узунлиги 9,1 км бўлган линияларнинг нархи 167,4 млн еврога баҳоланган. Битим Парижда Ўзбекистон президентининг ташрифи доирасида имзоланган.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов қурилиш ишлари билан Alstom шуғулланишини тасдиқлади, бироқ йўналишлар ҳали аниқланмаган.

Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев 2022 йил ёзида иккита трамвай йўналиши — ТТЗ ва Ипподромдан Шимолий вокзалгача бўлган йўналиш бўйича таклифлар тайёрланганини таъкидлади.

Жорий йилнинг январь ойида Тошкентнинг ўша пайтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев инфратузилма, шаҳарсозлик, жамоат транспорти ва маҳаллийлаштириш соҳаларида умумий қиймати 1 млрд евро бўлган узоқ муддатли дастур бўйича йўл харитасини тасдиқлаган эди. Ҳужжатда трамвай линиясининг техник-иқтисодий асослари ва трамвай вагонлари учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш топширилган.

Апрель ойида Транспорт вазирлиги раҳбари Илҳом Маҳкамов мутахассислар томонидан эски ва янги Тошкентни боғлайдиган трамвай линиясини қуриш бўйича ишларни бошлаш таклиф қилинаётганини таъкидлаган эди. «Агар ҳозир шаҳар ичида трамвай қуришни бошласак, тирбандликларга ҳам дуч келамиз, дейишяпти. Трамвай ишга туширилгандан кейин эмас, балки қурилиш вақтида. Бу жуда узоқ вақт талаб этади», — деган эди у.