Ўзбекистон президентининг 26 апрелдаги қарори билан жорий йилнинг 1 майидан 2025 йил 1 январигача иш берувчилар 25 ёшга тўлмаган ишчиларни ишга қабул қилишда яна ижтимоий солиқ тўловларини қайтариб оладилар. Мазкур имтиёз 2021 йил 1 майдан жорий қилинган ва 2023 йил 1 январгача амал қилган.

Имтиёздан барча иш берувчилар: бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар фойдаланиши мумкин, 1 фоиз ставка бўйича ижтимоий солиқ тўловчилар бундан мустасно.

Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қоплаб берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда бўлиб ўтган ёшлар сиёсатига бағишланган йиғилишда мазкур имтиёзни қайтадан бериш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

Ўшанда бир ярим йил давомида 9 мингдан зиёд корхона ушбу имтиёздан фойдалангани, уларга 150 млрд сўмлик ижтимоий солиқ қайтарилгани, 100 минг ёшлар бандлиги таъминлангани маълум қилинган эди.