25 апрель куни бенефициари бюджет ва корпоратив буюртмачилар бўлган тўловларни амалга оширишда тўланадиган воситачилик ҳақи (йиғимлар)нинг чегаравий миқдорини белгилаш ҳақидаги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди [рўйхат рақами — 3429], дея хабар қилмоқда вазирлик матбуот хизмати.

Қарорга кўра, жисмоний шахслар томонидан президент қарорида кўрсатилган тўловларни амалга оширишда ҳар бир транзакция бўйича тўлов хизматлари учун бюджет ва корпоратив буюртмачилар томонидан тўланадиган воситачилик ҳақи (йиғимлар)нинг чегаравий миқдори БҲМнинг 20 фоизи (60,6 минг сўм) этиб белгиланди.

Мазкур тартиб қуйидаги ҳолатларда амал қилади:

  • барча турдаги давлат божлари ва маъмурий жарималар учун тўловлар;
  • давлат хизматлари марказлари томонидан, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун тўловлар;
  • мактабгача таълим ташкилотларига, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасаларига, шунингдек олий ўқув юртидан кейинги таълим, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва соғлиқни сақлаш муассасаларига тўловлар;
  • барча турдаги коммунал хизматлар учун тўловлар;
  • Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ундириладиган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш учун тўловлар;
  • E-auksion электрон савдо платформаси ва K-Savdo автоматлаштирилган ахборот тизимига тўловлар;
  • авиация, темирйўл ва жамоат транспортининг бошқа турларида саёҳат қилишда чипталар сотиб олиш учун тўловлар.

Мазкур қарор 2023 йил 1 майдан кучга киради.

Марказий банк қонун лойиҳаси тақдим этганида иқтисодчи Отабек Бакиров лойиҳа ҳақида қуйидаги фикрларини билдириб ўтганди:

«Рўйхат бўйича гўёки халқ тараф бўлиб воситачилик ҳақи (йиғимлар)нинг чегаравий миқдори белгиланаётган тўловларнинг аксари, онлайн иловалардан фойдаланувчилар учун деярли ҳаммаси деса ҳам бўлади, бепул. Яъни бозор конъюнктураси, банклар ва тўлов тизимлари ўртасидаги кучли рақобат туфайли кўрсатилган хизмат учун тўловларга воситачилик ҳақи тўловчидан эмас, етказиб берувчидан ундириш тизими анчадан буён ишламоқда. Яъни қанақадир қўли оёғидан, оёғи қўлидан ўсиб чиққан чиновниксиз ҳам бозор ҳаммасини тартибга солиб қўйган», — дейди иқтисодчи.

Шунингдек, у лойиҳа қонунга зид эканини таъкидлаганди.

«Воситачилик ҳақининг чегаравий миқдорининг белгиланиши «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга ҳам зид. Ё бўлдими, қонунларни йиғиштириб қўйиб низомлар ва оғзаки топшириқлар билан ишлашга ўтамизми?», — деб ёзганди Бакиров.