Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Аннагелди Язмурадов бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи давомида сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг учинчи йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев қўшма комиссиянинг Ўзбекистон томони раиси сифатида қатнашди.

Йиғилишда Туркманистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистон сув хўжалиги объектларига хизмат кўрсатувчи ишчилар учун «вахта» режимини бекор қилиш ҳамда «Таллимаржон-Таллимерджен» ва «Дружба-Газоджак» чегара постлари фаолиятини қайта тиклаш, Амударё сув ресурсларини биргаликда бошқариш тизимини ва маълумотлар алмашинувини автоматлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.

«Сувчиларнинг миллати бўлмайди. Биз ягона миллат, бир халқ вакилларимиз. Томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Туркманистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг сув хўжалиги объектлари, хусусан, Қарши магистрал канали, Аму-Бухоро машина канали ва Туямўйин ГЭС мажмуалари ишлаши таъминланмоқда», — деди йиғилишда сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев.

Бундан ташқари, Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш ва ўзанларини тўғрилаш орқали сув йўқотилишини камайтириш ҳамда сувнинг тўсиқсиз ўтиш чораларини кўриш, «Туямўйин гидроузели Султонсанжар тўғонида сув фильтрациясига қарши девор қуриш» ҳамда «Қарши насос станциялари каскадини капитал қайта тиклаш» (Фаза-3) лойиҳалари доирасида жалб этиладиган чет эллик мутахассисларга Туркманистон ҳудудига кириш визалари бериш кўриб чиқилди. Кўрилган масалалар юзасидан баённома имзоланди.

Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2024 йилда Туркманистоннинг Туркманобод шаҳрида ўтказилади.

Туркманистон президентининг 2022 йил июль ойидаги Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича 19 та ҳужжат, жумладан, Амударё сув ресурсларини бошқариш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битим ҳам имзоланганди.