Шавкат Мирзиёев 26 апрель, чоршанба куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда амалий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо муносабатлари суръатини таъминлаш ва етакчи корхоналарнинг кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.

Икки мамлакат етакчилари шу кунларда ўтаётган «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасининг самарали натижаларини қайд этди. Ушбу тадбирда 35 мамлакат бизнесининг 5 минг нафардан зиёд вакили иштирок этмоқда.

Суҳбат чоғида автомобилсозлик, темирйўл транспорти, фармацевтика, кимё саноати ва бошқа устувор тармоқларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Саноат ипотекаси, кластерлар, индустриал ривожланиш жамғармаси каби воситаларни ривожлантириш борасидаги илғор тажрибани ўрганишдан манфаатдорлик билдирилди. Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мулоқот якунида Ўзбекистон президенти Конституция бўйича бўлажак референдумнинг Россия ҳудудида ўтказилишига кўрсатилаётган кўмак учун Россия арезидентига миннатдорлик билдирди.