Табиат ресурслари вазирлиги 10 апрелдан 10 майга қадар давом этадиган «Тоза ҳаво» ойлиги доирасида вазирликлар, идоралар, корхона ва ташкилотлар, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, шунингдек, шаҳар ҳамда вилоятлар ҳокимликларининг барча ходимларини ҳар жумани «Автомобилсиз кун» сифатида ўтказишга чақирди.

«Бундан мақсад автотранспорт воситаларининг атроф-муҳитга таъсирини янада камайтириш, шунингдек, инсонларнинг соғлом турмуш тарзига риоя қилган ҳолда велосипеддан фойдаланишларини ташкил этиш», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги 28 апрелда «Автомобилсиз кун» ўтказилиши ҳақида хабар берган эди. Шахсий автомобилларда ҳаракатланишни қисқартириш, жамоат транспорти, велосипед ва пиёда юриш афзалликларини аҳоли ўртасида тарғиб қилишга қаратилган «кўплаб тадбирлар» эълон қилинди.