Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбанов Ўзбекистонга ташриф буюрган Италия мудофаа вазири Крозетто Гвидони қабул қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда вазирлар хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, унинг ривожланиш истиқболларини муҳокама қилди.

«Тенглик, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида ривожланиб бораётган икки давлат алоқаларининг ривожланиши кейинги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Экстремизм, диний радикализм, халқаро терроризм ҳамда бошқа трансмиллий хавфларга қарши курашишда ҳам Ўзбекистон ва Италиянинг мақсадлари бир», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида икки давлат мудофаа идоралари ўртасида штаб музокараларини ўтказиш анъанага айлангани таъкидланди.

Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Италиянинг ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари юқори баҳоланди.