Сенат фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонун ва бошқа ҳужжатларни кўриб чиқади

Сенатнинг 21 ялпи мажлиси 18 ноябрь куни чақирилади ва унда асосий эътибор «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги ва «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги қонунларга қаратилади. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш кутилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий марказини ахбороти ва ҳукуматга юборилган сўров ҳам муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Миллий атласи яратилди

Президент топшириғига асосан илк маротаба Ўзбекистон Миллий атласи яратилди. Унда мамлакатнинг табиий-географик ўрни, ресурслари, атроф-муҳит муҳофазаси, аҳолиси, иқтисодиёти ва тарихи акс эттирилган.

Ҳокимларнинг ғалла етиштирувчилар фаолиятига ҳар қандай аралашуви тақиқланди

Президент ҳокимларнинг ғалла етиштирувчилар фаолиятига ҳар қандай аралашувини тақиқлашни назарда тутувчи қарорни имзолади. Эндиликда, ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар агротехник тадбирлар ўтказиш, кредитлардан фойдаланиш, буғдойни сотиш жараёнларига аралаша олмайди.

Афғонистоннинг янги ҳукумати ваъдаларини бажаришга қодир — Ўзбекистон ТИВ раҳбари

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг фикрича, Афғонистоннинг янги ҳукумати ўз ваъдалари ва халқаро мажбуриятларини бажара олади. Чунки мамлакатни тинчлик ва фаровонликка олиб боришнинг бошқа йўли йўқ.

Жиззахда туман прокурори ўринбосари пора билан қўлга тушди

Душанба куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Янгиобод тумани прокурорининг ўринбосари 8000 доллар олган вақтида қўлга олингани айтилмоқда.

KfW Ўзбекистонга қарийб 30 млн евро ажратади

Президент қарори билан Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш учун Германия тараққиёт банкидан 29,8 млн евро кредит жалб этилади. Лойиҳа 4 йил давомида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Тўққиз ой ичида ишсизлик даражаси 9,4 фоизгача тушди

2021 йилнинг уч чораги якуни бўйича Ўзбекистонда ишсизлик даражаси йиллик кўрсаткичда 1,7 фоизга камайган ҳолда 9,4 фоизни ташкил этди. Меҳнат вазирлиги томонидан ўтказилган сўров мамлакатда расман 6,1 миллион фуқаро ишлаётганини, улардан 5,9 миллиони норасмий секторда банд эканлигини кўрсатди. Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,4 млн кишини ташкил этган.

Президент қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштиришга оид қонунни имзолади

Энди тадбиркорлик, шаҳарсозлик, якка тартибда уй-жой қуриш ва уни ободонлаштириш учун берилган ерлар, қолаверса, хусусийлаштирилган давлат объектлари ҳудудларини хусусийлаштириш мумкин. Ариза бериш тартиби, уни рад этиш асослари, хусусийлаштирилган ерларни мулкдордан олиб қўйишни тартибга солувчи қонун президент томонидан имзоланди.

Президент тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказади

Шавкат Мирзиёев навбатдаги очиқ мулоқотни тиббиёт соҳаси вакиллари, жумладан, олимлар, шифокорлар, фармацевтлар, ҳамширалар ва тизим ходимлари билан ўтказади. Шундан келиб чиқиб, ССВ аҳоли ва тиббиёт ходимларининг таклиф, муаммо ва камчиликларини ўрганиш мақсадида махсус «Call-марказ»ни ишга туширди.

2024 йилда ЯИМ кўрсаткичини 100 млрд доллардан ошириш мўлжалланмоқда

2022 йил учун давлат бюджети лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда ЯИМ 2022 йилда 6 фоизга ўсиши ва қарийб 840 трлн сўмни (МБнинг 16 ноябрдаги курси бўйича 78,2 млрд доллар), 2023 йилда 972 трлн сўмдан ортиқ ($90,5 млрд) бўлиши ва 2024 йилда эса 1 триллиард сўмдан (қарийб $105 млрд) ошиши мўлжал қилинмоқда.

Наманганда учта ЙТҲ оқибатида 3 киши вафот этди, 4 киши шифохонага ётқизилди

Наманган вилоятида содир бўлган учта ЙТҲ оқибатида 2 нафар ҳайдовчи ва 1 нафар велосипедчи вафот этди. Яна 4 киши шифохонага ётқизилди. Барча ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

«Трансмашхолдинг» (Россия) билан метрони ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзоланди

Тошкент метрополитени ва Россиянинг «Трансмашхолдинг» компанияси ўртасида пойтахт метрополитенини ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди. Хусусан, холдинг ер усти йўловчи транспорти ва метрополитен тармоқларини интеграция қилиш, метрополитенда савдо тизимини йўлга қўйиш, метрополитен инфратузилмаси ва ҳаракат таркибини янгилашга ёрдам беради.

Бензин нархининг ошиш сабаблари ва нархни тушириш бўйича режалар ҳақида — Антимонополия қўмитаси вакили

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбари ўринбосари Фарруҳ Қорабоев Ўзбекистонда бензин нархининг ошиши сабабларини санаб ўтди ва нархларни барқарорлаштириш бўйича қандай чоралар кўрилаётганини маълум қилди. Жумладан, бензин импорти географиясини кенгайтириш, Аи-80 бензинини кунига 3 минг тоннадан кам бўлмаган ҳажмда етказиб беришни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Ички ишлар вазирига мурожаат йўллаган собиқ профилактика инспектори қамоққа олинди

Наманган шаҳар ИИБ раҳбарияти устидан шикоят қилиб, ички ишлар вазирига видеомурожаат йўллаган собиқ профилактика инспектори бошқалар номида катта миқдорда кредит олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликда айбланмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қўлга олинди.