Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга, январь-июнь ойларига нисбатан 0,4 фоизга камайди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу кўрсаткичлар республикаинг 108 та шаҳар ва туманларида ўтказилган навбатдаги ижтимоий сўров асосида келиб чиққан. Тадқиқот давомида 500 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 5,0 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26,5 минг нафар фуқаролар қамраб олинган.

2021 йилнинг тўққиз ойида меҳнат ресурслари сони 19,3 миллионтани ташкил этиб, ўтган йилнинг январь-сентябрига нисбатан 1,1 фоизга ёки 201,4 мингтага кўп. Шундан 6,1 миллион киши расмий секторда банд бўлиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 7,9 фоизга ёки 450,5 минг кишига ўсган. Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5,9 млн кишини ташкил этиб, жорий йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 4,1 фоиз ёки 254,0 минг кишига камайган.

Тадқиқот натижаларига кўра ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,4 млн кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,4 фоизни ташкил этди. 16−30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси — 14,9%, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса — 12,8% бўлди.

Январь-сентябрь ойларида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 842 минг нафар фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Мурожаат қилган фуқароларнинг 203 минг банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди ва уларнинг иш ҳақи учун 177 млрд сўм маблағ тўлаб берилди. Бундан ташқари, 93,5 минг нафар ишсизларга 81,9 млрд сўм ишсизлик нафақаси тайинланди ва тўлаб берилди.

Мазкур давр ичида 31,5 минг ишсизлар ҳамда «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари»га киритилган ишсизларга 66,6 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилди. Жумладан:

  • тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш, асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш, «Ҳунарманд» уюшмасига аъзолик бадали харажатларини қоплаш учун 6 263 нафар фуқароларга 4,8 млрд сўм;
  • шахсий ва дала томорқасида иссиқхона, экишга уруғлар ва кўчатлар ҳамда суғориш воситаларини ҳарид қилиш учун 16 426 та оилаларга 43,7 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилди.

9 ой давомида жами 338,2 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди ёки прогнозга нисбатан 124 фоизга бажарилган (ўтган йилга нисбатан 126%га ўсди, 66,9 мингтага кўп).