Президент 13 май куни «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси фаолиятини ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Марказ ҳудудида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга Афғонистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун тасдиқнома олмасдан меҳнат шартномалари асосида ишга қабул қилишга рухсат этилади.

Афғонистон ва Покистон фуқароларига савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга мўлжалланган бино ва иншоотларни ижарага олиш, шунингдек, истисно тариқасида мулк ҳуқуқи билан сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Бунда ер участкасига бўлган ҳуқуқ ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Бундан ташқари, марказ ҳудудида улгуржи ва чакана савдода тўлов воситаси сифатида истисно тариқасида ўзбек сўми билан бир қаторда АҚШ доллари, Россия рубли, евро ва юань валюталарини қабул қилишга рухсат берилди. Бунда қабул қилинган нақд хорижий валюта марказда ташкил этилган тижорат банклари филиаллари орқали марказда фаолият юритадиган юридик шахсларнинг ҳисобварақларига ўтказилиши шарт.

Шунингдек, марказ ҳудудида ташкил этиладиган тиббиёт клиникаси Афғонистон фуқароларига тиббий хизмат кўрсатади. Ушбу клиникада даволаш имкони бўлмаган оғир турдаги касалликларга чалинган беморларга Ўзбекистон ҳудудида жойлашган давлат ва нодавлат тиббиёт муассасаларида даволаниш учун тиббий кириш визаларини олиш учун йўлланма берилади.

Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар марказ ҳудудига шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида назорат-ўтказиш пунктларида текширувдан ўтказилгандан сўнг киритилади. Уларга марказ ҳудудида ташкил этилган барча хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилади.

Ҳужжат билан чет эл фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан, чегара ва божхона назоратидан ўтган ҳолда махсус йўлак орқали кириши (чиқиши) ҳамда 15 кун муддатгача марказ ҳудудида бўлиши тартиби жорий этилади.

Савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга мўлжалланган бино ва иншоотларни олган, шунингдек, шартнома асосида ишлаш, таълим муассасаларида ўқиш, банк филиалларида фаолият юритиш, савдо-сотиқ ва бошқа фаолият тури билан шуғулланиш мақсадида келаётган мамлакатда 15 кундан ортиқ қолишни режалаштирган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирган ҳолда кириши талаб қилинади.