Олий Мажлиси Сенатининг 21 ялпи мажлиси 18 ноябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар бермоқда юқори палата ахборот хизмати.

Унда бир қатор ҳужжатлар, жумладан, сенаторлар «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Конституциявий қонуни ва «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқади.

Ялпи мажлисда интеллектуал мулк, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик тўғрисидаги, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ўсимликлар карантини ва ҳимояси каби соҳаларда қонунчиликка қўшимча ва ўзгартишлар киритиши масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Сенаторлар транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқади.

Мажлис кун тартибидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази директорининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахборотини эшитиш ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, Сенат аъзолари аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқади.

Қолаверса, ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати ҳамда енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалаларда иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалалари муҳокама этилади.