Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин кунларда олимлар, шифокорлар, фармацевтлар, ҳамширалар ва тизим ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик мулоқотга тайёргарлик кўриш мақсадида тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, мавжуд муаммо ва камчиликлар тўғрисида ахборот йиғиш учун махсус «Call-марказ» ишга туширди.

«Call-марказ»нинг 1295 рақами орқали фуқаролар ҳамда соҳа мутахассислари ўз таклифларини билдиришлари мумкин.

«Мазкур „Call-марказ“ Янги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаган тиббиёт ходимларининг фаолиятлари билан боғлиқ масалалар, тизимдаги муаммолар ва соҳани янада ривожлантиришга туртки берадиган ғоя ва таклифлари учун ишлашни бошлади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, келиб тушган саволларнинг бир қисми учрашувда президентга ҳам тақдим этилади.

«Бу мурожаатларнинг аксарияти «Call-марказ»га бириктирилган мутасаддилар томонидан ҳал қилинса, бир қисми олимлар, шифокорлар, фармацевтлар, ҳамширалар ва тизим ходимлари билан бўладиган очиқ мулоқотда президентга тўғридан-тўғри етказилади», — дейилган вазирлик хабарида.

Аввалроқ, «Газета.uz» 11 ноябрь куни соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Беҳзод Мусаев тайинлангани ҳақида ёзган эди. У биринчи кунидаёқ аввалги вазир Абдухаким Хаджибаевнинг буйруғи билан қўлланилган барча интизомий жазо чораларини бекор қилди.

Эслатиб ўтамиз, 20 август куни Шавкат Мирзиёев биринчи очиқ мулоқотни тадбиркорлар билан ўтказган эди. Ўшанда «Газета.uz» ушбу учрашувда таъкидланган барча муҳим ўзгаришлар ҳақида алоҳида мақола эълон қилганди.