Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳар собиқ профилактика инспектори шаҳар 2-сонли ИИБдаги ҳолатлар юзасидан ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга йўллаган видеомурожаати тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ва бош прокуратура изоҳ берди.

Нима содир бўлди?

12 ноябрь куни Facebook ижтимоий тармоғида Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли профилактика инспектори Сардорбек Отабоев ИИБдаги ҳолатлар юзасидан ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга видеомурожаат йўллади.

Мурожаатда айтилишича, «Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ раҳбари майор Азиз Сатторов қўл остидаги профилактика инспекторларига ҳар куни 5 тадан маъмурий баённома тузиш, бир йилда 2 та маъмурий назорат ўрнатиш каби талабларни режа қилиб белгилаб берган». «ҲПБ (Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси — таҳр.) бошлиғи подполковник Иномов Бобурга 50 АҚШ доллари берилса, режа бажарилган деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, кадрлар бўлими бошлиғи майор Абдулазиз Умурзақов доимий равишда ноқонуний тарзда хуфёна хизмат текширувларини ўтказиб келади», — дейилади мурожаатда.

Бундан ташқари, профилактика инспектори «тартиб бўйича бир ходим раҳбарлик лавозимида 5 йилдан ортиқ ишлаши мумкин бўлмаса-да, майор Умурзақов қўл остида баъзи шахслар 10 йилдан бери ишлаб келаётганини» айтиб ўтди.

Инспектор, шунингдек, «шаҳар ИИБ бошлиғи маҳаллийчиликка йўл қўйиб, асосий раҳбарлик лавозимларига ўзининг ҳамқишлоқлари ва яқин танишларини тайинлаб қўйганини», маълум қилди.

Унинг қўшимча қилишича, профилактика инспекторларига бир ой давомида 15 тадан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича маъмурий баённома тузиш мажбурий режа қилиб қўйилган.

«Бу дегани мен 15 кишини 5 суткадан 15 суткагача ҳужжат тайёрлаб, суд орқали қамашим керак», — дейди у.

«Бундан, оддий аҳолига шунча жарима солаверишдан профилактика инспекторларининг виждонлари қийналади. Лекин юқоридан келган буйруқ сабабли мажбур қилишади», — деди Сардорбек Отабоев.

У ўз мурожаатида келтирилган вазиятлар учун факт ва далиллари борлигини, шу вазият сабабли ишдан бўшатишадиган бўлса қўрқмаслигини, мурожатининг ҳуқуқий оқибатларига тайёрлигини таъкидлаб ўтган.

Наманган вилоят ИИБ изоҳи

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, сентябрь ойида фуқаро М.Ю. нинг катта лейтенант С.О. нинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризасига асосан ўтказилган хизмат текшируви давомида катта лейтенант С.О. йил аввалида 4 нафар фуқарога кредит олиб беришни ваъда қилиб, ишончига кирганлиги аниқланган. С.О. уларнинг шахсига оид ҳужжатларини нусхаларини олиб, сохта маълумотлар киритиб, ушбу фуқароларнинг номларига «Халқ банки» орқали 81 млн 400 минг сўм кредит олган. Шундан сўнг у кўп миқдордаги мулкларини қўлга киритиб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган. Текширув якунига кўра, 2021 йилда катта лейтенант С.О. нинг эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши ҳақида хулоса қилинган.

Наманган вилояти ИИБнинг хизмат текшируви хулосаси ва тўпланган ҳужжатлар аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун шаҳар прокуратурасига юборилган.

Прокуратура органлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув якунига кўра, юқоридаги ҳолат юзасидан 21 октябрь куни Жиноят кодексининг 168-модда 3-қисми «б, в» бандлари (Фирибгарлик бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ҳозирда катта лейтенант С. О. жавобгарликдан қутилиш мақсадида, ўзининг раҳбарларидан норозилиги мазмунида видеомурожаат қилган бўлиб, видеомурожаатда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан ўтказилган дастлабки суриштирув ишлари давомида, ушбу ҳолатлар ўзининг тасдиғини топмаган», — дейилади хабарда.

Видеомурожаатда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан ҳозирда қўшимча текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, катта лейтенант С. O. нинг етарли асослари бўлмаган ҳолда ўзининг раҳбарига туҳмат қилиб, шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани айтилди.

Бош прокуратура изоҳи

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Унга кўра, Наманган шаҳар ИИБ собиқ профилактика инспектори С.О. бошқа фукароларнинг номига олинган жами 81,4 млн сўм кредит маблағларини талон-торож қилганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи турли баҳоналар билан терговга келишдан бош тортиб, яширинганлиги сабабли, унга нисбатан сиртдан айб эълон қилинган. 13 ноябрь куни суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган ва унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида 14 ноябрь куни гумонланувчи ушланиб, ҳимоя ҳуқуқлари таъминланган ҳолда терговга жалб қилинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ собиқ профилактика инспектори Нозимжон Нишонов Қува тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари устидан шикоят қилиб, ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга видеомурожаат йўллаган эди. ИИБ бошлиғи ўринбосари профилактика инспекторларидан ҳар куни 55 минг сўмлик «ўрта фонд» ундираётгани, кунлик мажбурий режа жорий қилгани ва ходимларни ҳақоратлаб, шахсий манфаатлари йўлида ишлатаётгани айтилаётганди.