Ўзбекистонда 2024 йилда ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи 1 трлрд 126 трлн сўмдан кўпроқ (МБнинг 16 ноябрдаги курси бўйича қарийб 105 млрд доллар) ошиши мўлжал қилинмоқда. Шунингдек, ушбу йилда ЯИМ 6,6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2022 йил учун давлат бюджети лойиҳасида маълум қилинди.


Бюджет лойиҳасига кўра, 2022 йилда ЯИМ кўрсаткичи 6 фоизга ўсиши ва қарийб 840 трлн сўмни (78,2 млрд доллар) ташкил қилиши кутилмоқда. Бунда истеъмол нархлари индекси 9 фоизга, саноат маҳсулотлари 7 фоизга, чакана товар айланмаси 9,3 фоизга ўсиши мўлжал қилинмоқда. 2023 йилда ЯИМ 972 трлн сўмдан ортиқ (90,5 млрд доллар) бўлиши кутилмоқда.

2022 йилда республика бюджети даромадлари 162,5 трлн сўмдан кўпроқни ташкил этиши прогноз қилинган. Республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар эса жами 171,7 трлн сўмдан кўпроқ бўлиши қайд этилган.

2022 йил учун давлат бюджети қонуни лойиҳаси ва бюджетнома бўйича Ҳисоб палатасининг хулосасида келгуси йилги консолидациялашган бюджет харажатлари 277,2 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 33% миқдорида бўлиши прогноз қилинган. Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2022 йил учун бюджет лойиҳасида эса ушбу кўрсаткич 280 трлн сўмдан ошиқ бўлиши мўлжал қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 11 ноябр куни «Газета.uz» 2022 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръати 5,9 фоизни ташкил этиб, ЯИМ ҳажми қарийб 840 трлн сўмга етиши кўзда тутилаётгани ҳақида хабар берганди. Бунда ташқи савдо айланмаси 46,3 млрд долларни ташкил этиши прогноз қилинган. Бундан ташқари, инфляция даражаси 2022 йилда 9 фоиз атрофида бўлиши кутилаётгани баён қилинганди.