Словакия бош вазири Роберт Фицо Гандлова шаҳрида юз берган отишмада яраланди, деб хабар бермоқда BBC маҳаллий матбуотга таяниб.

Бош вазир ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтаётган бинодан чиқиб, маҳаллий аҳолига яқинлашганда номаълум шахс унга қарата ўқ узган. Воқеа жойида бўлган журналистлар бир нечта ўқ овозини эшитган.

Отишма содир этганликда гумонланган шахс воқеа жойида қўлга олинди.

Тарқалган видеолавҳаларда қўриқчилар бош вазирни ердан кўтариб, машинага олиб борганини кўриш мумкин.

«Бугун Роберт Фицо ҳужумга учради. Унга бир неча марта ўқ узилди, ҳозир унинг ҳаёти хавф остида. У вертолётда Банска-Бистрица шаҳрига олиб кетилмоқда… Кейинги бир неча соат ҳал қилувчи бўлади», — дейилади Фицонинг Facebook`даги саҳифасида.

Plus Jeden Den манбаларга таяниб, Фицо қўли ва ошқозонидан яраланганини ёзмоқда.

  • Роберт Фицо ўтган йилнинг кузида бўлиб ўтган парламент сайловларида ўзининг «Курс — социал-демократия» партияси ғалаба қозонгач, Словакия бош вазири лавозимини эгаллаганди. У 2006 йилдан 2010 йилгача, шунингдек, 2012 йилдан 2018 йилгача ҳам Словакия ҳукуматини бошқарган.