Президент 15 ноябрь куни «Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида»ги қарори [ПҚ-10-сон] имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йилдан экишга тавсия этилган буғдой навлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мустақил жойлаштирилади.

2022 — 2024 йилларда кластерлар ва фермерлар етиштирган ҳосилининг ғалла экилган ҳар гектар майдон ҳисобидан ўртача 2,5 тоннадан буғдойни эркин биржа савдолари орқали, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин сотади.

Ҳар йили 1 августгача буғдойнинг келгуси йил ҳосили учун кутилаётган индикатив нарх ОАВда эълон қилинади.

Давлат бошқаруви органлари, шу жумладан, барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қуйидагиларга аралашуви тақиқланади:

  • бошоқли дон етиштиришда агротехник тадбирларни ўтказиш, моддий-техник ресурслар билан таъминлаш;
  • ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш йўналишларига аралашиш;
  • буғдойни сотиш жараёнларига, шу жумладан, шартномалар тузишга, хўжаликларни дон тайёрлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи маълум корхоналарга бириктириш, республика ҳудудлари ўртасидаги ички ташувларга аралашиш;

Бошоқли дон етиштириш, сотиш ва буғдой нархининг шаклланиши бўйича мазкур қарор билан ўрнатилган тартибни Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ҳужжатлари билан вақтинчалик тўхтатиб туриш ёки қайта кўриб чиқиш қатъиян ман этилди.

Бош вазирнинг ўринбосари Ш. М. Ғаниев, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимлари ҳар йили май-август ойларида барча ғалла етиштирувчилар томонидан ғалла экилган ҳар гектар майдон ҳисобига республика бўйича ўртача 2,5 тоннадан ғалланинг биржа савдоларига чиқарилишини таъминлайди.

2021 — 2022 йилларда «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги дон корхоналари ғаллачилик кластери ташкил этиш таклифини билдирган тадбиркорлик субъектларига сотилади.