2024 йилда Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий ўсиш 5,4 фоизгача секинлашади. Бироқ 2025 йилда у 5,9 фоизгача ошиши кутилмоқда. Бу прогноз Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан эълон қилинган «Минтақавий иқтисодий истиқболлар» ҳисоботида келтирилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2023 йилда Марказий Осиёнинг кўплаб иқтисодиётлари учун муҳим ўсиш омили бўлган Россия билан воситачилик савдоси ҳозирда энг юқори чўққига чиққан.

«Қозоғистон ва Монголияга таъсир этаётган кучли сув тошқини ва ўта совуқ об-ҳаво қисқа муддатда уларнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатади, бироқ минтақанинг 2024 ва 2025 йилларга мўлжалланган прогнози жуда ижобий бўлиб қолмоқда», — дейди ЕТТБ таҳлилчилари.

Сўнгги икки йилда минтақада транспорт, логистика ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш қувватларига давлат ва хусусий сармоя киритилиши сезиларли даражада ошган.

«Иш ҳақи ва реал даромадларнинг барқарор ошиши, хориждан келганлар ва туризм секторининг ўсиши истеъмолчи бумини кучайтирди, бу эса истеъмол кредитидаги технологик ютуқлар билан қўллаб-қувватланди», — дейилади ҳисоботда.

Сув ва энергия ресурслари танқислигидан тортиб транспорт ва чегараларни бошқаришгача бўлган умумий муаммоларни ҳал қилиш учун минтақавий ҳамкорликнинг сезиларли даражада мустаҳкамлангани туфайли минтақалараро савдо, инвестициялар ва туризм ўсишда давом этган.

Ҳисоботда айтилишича, инфляция барча мамлакатларда кенгроқ глобал тенденциялардан сўнг бир хонали рақам даражасигача пастлади, бу Марказий Осиёнинг аксарият мамлакатлари марказий банкларига иқтисодий ўсишга устувор аҳамият бериш ва пул-кредит сиёсатини юмшата бошлаш имконини берди.

ЕТТБ минтақанинг 2024−25 йилларга мўлжалланган давлат сиёсати вазифаларида инфратузилма ва бошқарув амалиётини зудлик билан такомиллаштириш, сиёсий жиҳатдан сезгир тариф ислоҳотларини амалга ошириш ҳамда транспорт, сув ва энергия каби умумий ресурслардан фойдаланиш бўйича кенг минтақавий келишувга эришиш зарурати устунлик қилади, деб кутмоқда.

Ўзбекистонда 2023 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 6 фоизни ташкил этган. ЕТТБ буни кредитларнинг тез кенгайиши, пул ўтказмалари ва хориждан келаётганлар сонининг кўпайиши таъсири билан изоҳлайди.

«Мамлакатда иқтисодий ўсиш мутаносиб бўлди, бунда асосий омиллар хизмат кўрсатиш соҳаси, қурилиш ва умумий саноат ҳисобланади. Экспорт тушумлари йирик миқдордаги олтин экспорти, юқори туризм даромадлари ҳамда озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмининг ўсиши ҳисобига сезиларли даражада ошди», — дейилади ҳисоботда.

ЕТТБ Ўзбекистондаги тариф ислоҳотлари энергия субсидияларини камайтиришга ёрдам беришини, бу эса давлат харажатлари ЯИМнинг тахминан 1,5 фоиз бандига қисқаришига олиб келишини тахмин қилмоқда.

Мамлакат иқтисодиёти 2024 йилда 6,5 фоизга, 2025 йилда эса 6 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда, бу ўсиш асосий капиталга инвестициялар ва соф экспорт ҳисобига таъминланади, дейди таҳлилчилар.

Уларнинг фикрича, хусусийлаштириш ва бозор ислоҳотлари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали бу истиқболларни яхшилаши мумкин. Бошқа томондан, иқтисодий ўсиш энергия ва сув ресурсларининг сурункали танқислиги билан чекланиши мумкин, деб огоҳлантирди ЕТТБ.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил май ойида ҳам ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 ва 2024 йилларда — хорижий инвестициялар, компаниялар ва жисмоний шахсларнинг кириб келиши, шунингдек, яхши ташкил этилган хусусийлаштириш ва ишбилармонлик муҳити ислоҳотлари туфайли 6,5 фоизга ўсишини прогноз қилган эди.