Тошкент метрополитени ва Россиянинг «Трансмашхолдинг» (ТМХ) компанияси пойтахт метрополитенини ривожлантириш концепцияси доирасида ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда 12 ноябрь куни ТМХ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатни ТМҲ бош директори Кирилл Липа ва «Тошкент метрополитени» раҳбари Раҳмонбек Усмонов имзолади. Меморандум 2022−2032 йилларда амал қилади.

Меморандум доирасида томонлар инфратузилмани ривожлантириш, ҳаракатланувчи таркиб ва йўловчи ташиш соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятида.

Ҳамкорлик, шунингдек, метрополитеннинг ҳаммабоплиги ва талабгирлигини ошириш мақсадларида бошқарув жараёнига рақамли тизимларни жорий этиш, хавфсизлик тизимини такомиллаштириш, бошқарув ва ҳаракатлар диспетчерлигига микропроцессорли тизимларни татбиқ этиш, ер усти йўловчи транспорти ва метрополитен тармоқларини интеграция қилишни кўзда тутади. Қайд этиш жоизки, октябрда Ўзбекистон президенти 6 таметро бекати атрофида автотураргоҳлар қуриш, 7 таметро бекатида эса транспорт ўтиш боғламаларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

Меморандум метрополитен ҳудудида савдо ва реклама хизматларини кўрсатиш тизимини жорий этиш, шаҳар атрофи, шаҳар йўловчи транспорти ва метрополитенни интеграциялаш учун логистика марказини яратишда кўмаклашишни ҳам назарда тутади.

ТМХ метро вагонлари ишланмалари ва уларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Холдинг корхоналарида турли йилларда ишлаб чиқарилган ҳаракат таркиблари дунёнинг 11 давлати, жумладан, Ўзбекистондаги жами 19 та метрода йўловчиларни ташимоқда.

Аввалроқ Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишини «Буюк ипак йўли» бекатидан ТТЗ массивигача узайтириш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди. Ер ости линиясини ётқизишнинг иккита варианти — Мирзо Улуғбек кўчаси ва Буюк Ипак йўли кўчаси орқали амалга оширилмоқда.