Наманган учта ЙТҲ оқибатида 3 киши вафот этди, 4 киши шифохонага ётқизилди. Ҳодисалар ҳақида вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

10 ноябрь куни соат 19:00 ларда, Пунгон-Наманган йўлининг 68 км да, Поросмон МФЙ ҳудудида ЙТҲ содир бўлди.

Наманган шаҳар Давлатобод туманида яшаган, 1986 й.т. аёл Matiz русумли автомашинасини бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўртасини ажратиб турувчи темир тўсиққа урилган.

Натижада, ҳайдовчи тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Автомашинада бўлган йўловчи, Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1999 й.т. фуқаро бош мия асосини синиши, чап чакка суягини очиқ синиши ташхиси билан тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

12 ноябрь куни соат 10:00 ларда, Жомашуй-Тегирмон-Навбаҳор йўлининг 38 км да, Поп тумани Навбаҳор МФЙ ҳудудида ЙТҲ содир бўлди.

Мингбулоқ туманида яшовчи, 1992 й.т. фуқаро Nexia русумли автомашинасини бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган, Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи, 1962 й.т. фуқаро бошқарувидаги Labo русумли автомашинаси билан тўқнашган.

Натижада, Labo русумли автомашина ҳайдовчиси олган оғир тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган. Nexia русумли автомашинада бўлган 3 нафар йўловчилар тукрли жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

12 ноябрь куни соат 16:45 ларда, Косонсой-Тўрақўрғон-Мингбулоқ йўлининг 54 км да, Тўрақўрғон тумани Ободон МФЙ ҳудудида ҳам ЙТҲ содир бўлди.

Шу туманда яшовчи, 1986 й.т. фуқаро Damas русумли автомашинасини бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган велосипедчи Тўрақўрғон туманида яшаган, 1955 й.т. фуқарони уриб юборган.

Натижада, велосипедчи олган тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Барча ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.