«Ҳимоя ордерини ҳеч ким олмаса керак, деб ўйлагандим». Танзила Нарбаева — тазйиққа учраган аёллар ҳақида

Сенат раиси тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган аёллар ҳақида гапирар экан, ҳимоя ордерини ҳеч ким олмасада керак, деган фикрда бўлганини айтди. «Айниқса Ўзбекистонда, узоқ қишлоқларда яшаётган аёллар уйимдаги гап-сўзлар кўчага чиқмасин дейди. Бу тизим қандай ишлар экан деб ўйласам, 1 йил ичида 15 минг аёл ҳимоя ордерини олибди», — деди у. Шунингдек, ҳимоя ордерини эркаклар ҳам олиши мумкинлиги, қолаверса унинг муддатини бир ойдан узоқроққа чўзиш ҳамда бу борадаги қонунчиликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилаётгани маълум қилинди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири коронавирусга қарши эмланди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов 3 июль куни Қашқадарёга хизмат сафари чоғида коронавирусга қарши эмланди.

Бухорода 4 та болалар боғчаси ва Педагогика коллежи карантинга ёпилди

Бухоро вилоятидаги 4 та болалар боғчасининг 22 нафар ходимларида ва Педагогика коллежининг 3 нафар ходимида COVID-19 аниқлангани учун мазкур муассасалар 14 кунлик карантинга олинди.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун янги таҳририда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тизими соддалаштирилмоқда, жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ бекор чиқарилиб, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди. Бундан ташқари, диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасини олгач тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартиби жорий қилинмоқда.

Ўзбекистонда 6 ой ичида қарийб 119 минг никоҳ қайд этилган

Январь-июнь ойларида республика бўйлаб 118 минг 988 та никоҳ ҳолатлари қайд этилди. Ҳудудлар бўйича энг кўп никоҳ Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида расмийлаштирилган.

Коронавирус бўйича Call-марказларга мурожаатлар сони 3 баробарга ошган

Ўзбекистонда коронавирус бўйича ташкил қилинган Call-марказларга мурожаатлар сони 20 кун ичида 3 баробар кўпайган. Call-марказга кунига 1100−1200 та мурожаат келиб тушмоқда.

Жамоат жойида ибодат либосида юрганлик учун жавобгарлик бекор қилинди

Янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, фуқароларнинг жамоат жойида ибодат либосида юрганлиги учун жавобгарлик бекор қилинмоқда. Бунга қадар, ибодат либосида юрганлик учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима ёки 15 сутка қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин эди.

ЙҲХББ Тошкентдаги радар ва камералар рўйхатини эълон қилди (рўйхат)

Тошкент кўчаларида 28 та фоторадар, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузишни қайд этувчи 89 та интеллектуал камера ишламоқда, дея хабар берди ЙҲХББ.

Июнда темир йўлни тўсиб қўйган чироқчиликлар 15 суткага қамалди

Қашқадарёнинг Чироқчи тумани «Айратом» қишлоғида июнь ойида энергия таъминоти муаммоларига эътиборни жалб қилиш учун Тошкент-Қарши темир йўлини тўсиб қўйган тўққиз фуқаро 15 кунга ҳибсга олинди.

Сурхондарёда 109 туп қимматбаҳо дарахтлар рухсатномасиз кесиб ташланди

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида 109 туп қимматбаҳо дарахтларни рухсатномасиз кесиб ташланганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 2 млн 245 минг сўм миқдорида жарима белгиланди. Ўсимлик дунёсига 329 млн 157 минг 500 сўм миқдорида зарар етказилганлиги маълум бўлди.

Президент давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Президент давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонунни имзолади. Қонун ПДХХ фаолиятини асосий йўналишлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қўриқланадиган шахслар ва объектлар, шунингдек, ПДХХ ҳарбий хизматчилари томонидан жисмоний куч ишлатиш, совуқ ва ўқ отар қуролларни қўллаш шартлари ва бошқаларни тартибга солади.

Нурмат Отабеков COVID-19 га қарши мажбурий эмлаш ғоясини маъқуллашини маълум қилди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков аҳолини COVID-19га қарши мажбурий эмлаш ғоясини тўғри деб ҳисоблайди. У бу борада Россия тажрибасини ўрганишни таклиф қилди.

«Чекловлар кўпинча «орқаси»да ҳеч кими йўқ, оддий фуқаролар учун ишлатилди» — депутат карантин чоралари кучайтирилиши ҳақида

Депутат Расул Кушербаевнинг фикрича, карантин чораларининг кучайтирилиши амалда катта натижа бермайди, аксинча, аҳолининг ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан норозилигини ошириши мумкин. У ҳам коронавирусга қарши эмлашни мажбурийликка ўтказиш кераклигини таъкидлади.

Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш стратегияси тасдиқланди

Президент фармони билан 2021−2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси тасдиқланди.

«Самарқандда 10 кунда 860 кишида коронавирус аниқланган» — вилоят ҳокими. ССВ статистикаси буни тасдиқламайди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 25 июндан 5 июлгача Самарқандда 860 кишида коронавирус аниқланганлигини маълум қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кунлик статистикасига кўра худди шу вақт давомида вилоятда 693 та янги коронавирус беморлари қайд этилган.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Боғларни шаҳар аҳолисига қайтаринг

Бизнинг шаҳарларимиз дарахтларни, яшил истироҳат боғларини ва сув омборларини йўқотиб бормоқда. Бу аллақачон ҳаёт сифатига таъсир қилишни бошлаган. Расмийлар боғларга кўп харажат кетади деб янглиш хулосалар чиқаришмоқда, зеро, истироҳат боғлари одамлар ва шаҳарнинг ўзи учун жуда катта аҳамиятга эга. «Газета.uz» колумнисти Ботир Қобилов боғларни сақлашни дарҳол бошлашга ва уларни ҳақиқий эгаларига — одамларга қайтаришга чақиради.