Аввалроқ, президент янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунни имзолагани ҳақида ёзган эдик.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида «ибодат либоси» тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди.

Шу билан бирга, амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Бунга қадар амалдаги қонуннинг 14-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмас эди.

Қонунга киритилган ўзгартиришлар ортидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−1-моддаси (Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши) ҳам ўз аҳамиятини йўқотмоқда. Илгари ушбу нормага мувофиқ, фуқаролар БҲМнинг 5 баравари миқдори жаримага тортилиши ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиниши мумкин эди.

2018 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ибодат либоси масаласида фикр билдириб, қонунчиликка ўзгартириш киритиш лозимлигини айтган эди.

«Исломда бундай тушунча йўқ, кишининг аврати ёпиқ бўлиши сўралади. Қандай кийимда бўлса ҳам, ибодат учун [мос ва покиза] бўлиши сўралади. Шунинг учун бу терминларни (ибодат либоси — таҳр.) қайта кўриб чиқиш керак. У ибодат либоси деган терминни муомаладан чиқариб ташлаш лозим», — деган эди у.