Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева 3 июнь куни журналистлар билан учрашувда аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ масаласига тўхталиб ўтди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасигача кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонун ҳужжати қабул қилинган, реабилитация марказлари, ишонч телефонлари ташкил этилиб, зўравонлик қурбонларига ҳимоя ордерлари бериш йўлга қўйилди ва бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

«Ҳимоя ордерини ҳеч ким олмаса керак, деб ўйлагандим. Айниқса Ўзбекистонда, узоқ қишлоқларда яшаётган аёллар уйимдаги гап-сўзлар кўчага чиқмасин, дейди. Бу тизим қандай ишлар экан деб ўйласам, 1 йил ичида 15 минг аёл ҳимоя ордерини олибди», — деди Нарбаева.

У ҳимоя ордерини нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам олиши мумкинлигини қайд этди.

«Ким бўлишидан қатъи назар, ҳозир, мана эркаклар ҳам ҳимоя ордерини олиши мумкин. Ҳозир ҳимоя ордери бир ойга берилади, биз буни яна узоқроқ муддатга чўзиш масаласини ўйлаяпмиз», — деди парламент юқори палатаси раиси.

Танзила Нарбева айрим ОАВлар одамлар аёлларга нисбатан куч ишлатиш орқали тазйиқ ўтказаётганини айтиб, Ҳукуматни, шахсан ўзини ҳам танқид қилишаётганини таъкидлади.

«У ёки бу оилада, у ёки бу кўчада бўлган воқеаларни Нарбаева ёки битта Ҳукумат бориб, барчасини кўра олмайди. Буни сизларнинг (ОАВлар назарда тутилмоқда — таҳр.) ёрдамингизда кўриб, вазиятни ўрганишимиз керак. Бу ҳам тажриба. Биринчи тажрибамиз — қонунни қабул қилиб, ҳимоя ордерини жорий этдик. Кўраяпмизки, янада чуқурроқ ишлашимиз керак экан. Энди қонунни янада кучайтирамиз, буни ҳаётнинг ўзи кўрсатади. Бу шу тарзда қадамма-қадам кетаверади», — деди у.

Гап тазйиқ ва зўравонлик каби ҳолатларга қарши курашиш масаласига бориб тақалганида, Сенат раиси кўп ҳолатларда зўравонликка йигитлар қўл ураётганини маълум қилди. Муаммонинг ечимига ҳам тўхтаб ўтилди.

«Шу ишларнинг кўпини йигитлар қилаяпти. Доим айтаман, боғчадан бошлаб, қиз болаларга, онаси, опасига бўлган ҳурматини шакллантириб тарбияланган кучли, жасоратли йигитлар ожиза, ўзи билан тенглаша олмайдиган қизни ҳеч қачон хафа қилмайди, бошқага ҳам хафа қилдириб қўймайди… Биз аёлларга ҳурмати бўлган жамиятни шакллантиришимиз керак. Бунинг ўзи бизнинг қон-қонимизда бор, лекин издан чиқиб кетган», — дея қайд этди у.

Сўзи якунида у аёллар масаласида муаммолар рўйхати ва уларни ҳал қилиш бўйича режалар мавжудлигини таъкидлади.

«Ҳамма соҳада ҳам муаммолар жуда кўп. Бизда [аёллар масаласида] муаммоларнинг рўйхати ҳам, нима қилиш кераклиги бўйича режалар ҳам бор. 2030 йилгача Гендер стратегияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича дастур қабул қилинди. 2030 йилга келиб, биз албатта, аёлларимизни тенг ҳуқуқли, тенг имкониятли, энг бахтиёр бўлишига эришамиз. Бироқ буни битта Ҳукумат, Сенат ёки комиссия қила олмайди, ҳаммамиз бирлашсаккина буни бажара оламиз», — деди Танзила Нарбаева.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда тазйиқ ва зўравонликка учраган 14 минг 774 хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Ҳимоя ордерлари кўпроқ Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган.