Ижтимоий тармоқларда «Сурхондарё вилояти Денов туманида Дарахт кесиш пойгаси давом этмоқда» сарлавҳаси остидаги мурожаат юзасидан Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси расмий муносабат билдирди. Унга кўра, «Денов туман йўллардан фойдаланиш УК»нинг участка бўлими бошлиғи Ж.Ф томонидан 109 туп қимматбаҳо дарахтларни рухсатномасиз кесиб ташланганлиги аниқланди.

Бошқарма хабарига кўра, ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, участка бўлим бошлиғи Ж.Фга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари, яъни 2 245 000 сўм миқдорида жарима белгиланди ва ўсимлик дунёсига 329 157 500 (уч юз йигирма тўққиз миллион бир юз эллик етти минг беш юз) сўм зарар етказилганлиги аниқланди.


Ҳозирда жарима ва ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, «Денов туман йўллардан фойдаланиш УК»га хар бир кесилган дарахтлар ўрнига 100 донадан, яъни 10900 дона қимматбаҳо дарахт кўчатлари экиш ва 3 йил давомида экилган кўчатларни парвариш қилиш ҳақида кўрсатма берилди.

2020 йил 9 апрелида президентнинг «2020−2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида» қарори қабул қилинган.

Вилоят экология бошқармаси ушбу қарорга асосан йўл қурилишга ҳалақит бераётган 857 дона кам қимматли дарахтларни кесиш учун Денов туман ҳокимлигининг 000020 сонли Рухсатнома берилганини эслатиб ўтди.

«Ўз навбатида ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли (баландлиги 2 метрдан кам бўлмаган) кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш вазифаси юклатилган», — дея таъкидланди хабарда.