«Газета.uz» колумнисти Ботир Қобилов «Шаҳар одамлар учун» лойиҳасида шаҳарларимизни қандай қилиб хавфсиз, соғлом, қулай ва энг муҳими яшашга яроқли қилиш ҳақида сўз юритади.

Тўғри режалаштирилган ва амалга оширилган урбанизация бандликни таъминлашнинг энг яхши имкониятлари ҳамда ҳаёт, таълим ва соғлиқни сақлаш сифатини ошириш ҳисобига камбағаллик ва тенгсизликни қисқартириши мумкин. Аммо, кузатаётганимиз — илғор тажрибаларни эътиборсиз қолдириш ҳаво сифатининг ёмонлашиши ва умуман атроф-муҳитнинг ифлосланиши, аҳоли соғлиғининг ёмонлашиши, кўчалардаги муқаррар тирбандлик, ишчи кучи мобиллигининг пастлиги, тенгсизлик, ижтимоий изоляция ва иқтисодий кўрсаткичларнинг пастлиги каби жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шаҳарларга муносабат ва уларни бошқаришимиздаги ёндашувларимизни тубдан ўзгартириш вақти келди.

Ботир Қобилов ўзининг янги мақоласида Тошкент мисолида мамлакатимиз шаҳарлари қандай қилиб яшил шаҳар боғларини йўқотиб бораётгани ҳақида ёзади ва уларни имкон қадар қутқариш, тиклаш ва ҳақиқий эгаларига — одамларга қайтаришга чақиради. Ўзбекистон байроғида яшил ранг бор — у барокатли табиатни акс эттиради. Аммо биз дарахтларни (уларни кесишга мораторий эълон қилинишига қарамай), истироҳат боғларини, кўлларни ва яшил экинларни йўқотаётганимизга қараб, табиатга ҳурмат кўрсатилмаяпти ва унинг қадр-қимматини англаш тушунчаси йўқолган деган хулосага келиш мумкин.

Ушбу мақола эълон қилинишидан бир кун олдин «Газета.uz» ўзининг Telegram-каналида сўров ўтказди. Биз Тошкентда истиқомат қилувчи ўқувчиларимиздан биргина саволга жавоб беришларини сўрадик: «Жазирама иссиқдан дам олиш учун сизга шаҳарда яшил зоналар ва боғлар етарлими?» Бир кундан кам вақт ичида каналнинг ўзбек тилидаги версиясида 30 мингга яқин, рус тилидаги версиясида эса 20 мингдан зиёд киши овоз берди. 93% рус тилида ва 90% ўзбек тилида «Етарли эмас» жавобини танладилар.


Доимий аҳолиси 2,7 миллиондан ошиқ ва умумий аҳоли сони тахминан 4 миллионга яқин бўлган Тошкентда 20 дан кам жамоат яшил истироҳат боғлари мавжуд. Илгари пойтахтда бўлган ва одамларга тегишли бўлган боғларни ва кўлларни ёдга олишни таклиф қиламан, аммо энди улар ёпиқ, кўллар қуритилган, майдонлар бетон билан тўлдирилган, фойда олиш (дўконлар, турар-жой мажмуалари ва ҳоказоларни қуриш) учун хусусий мулкдорларга берилган.

«Пойтахт аҳолиси маданият ва истироҳат боғлари етишмаслигидан шикоят қилмоқда. Очиғини айтганда, бу борада биз пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари, айниқса ёшлар олдида қарздормиз». (Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 24 ноябрдаги Тошкентда айтилган сайловолди нутқидан.)

Алишер Навоий номидаги Миллий боғ

Нима учун биз Алишер Навоий номидаги Миллий боғимизни Тошкентнинг марказида жойлашган кўл билан хусусий мулкчилик эгалигига топшириб қўйдик? Натижада, у савдо ва кўнгилочар марказга айланди.

Илгари «Комсомол кўли» номи билан танилган улкан кўлга эга бўлган Алишер Навоий номидаги Миллий боғ 1939 йилда очилган. Унинг яратилишида шаҳар аҳолисининг ўзи иштирок этган. Одамлар ўз шаҳарлари марказида ноёб яшил воҳани қуриш учун ҳашарга чиқишган ўшанда.


Фото: Боғ қурилишининг бошланиши. 1939 йил. Манба.


Фото: Комсомол кўли қурилиши. Манба.

Бугун космосдан олинган тасвирларда нафақат қуриган кўл, балки тижорат ёки маъмурий биноларнинг боғ ичига «бостириб киргани» ҳам акс этган. Расмийлар шаҳар аҳолисининг боғларга тегмаслик ҳақидаги кўплаб чақириқларини эътиборсиз қолдиришди. Энди аҳоли собиқ Миллий боғ ёнида жойлашган собиқ Наврўз никоҳ саройи яқинидаги чинорларнинг йўқ қилинаётганлигидан шикоят қилишмоқда.


Миллий боғдаги собиқ кўл хусусий мулчиликка ўтишдан олдин ва кейин (биринчи расм — 2016 йил июнь, иккинчиси — 2021 йил апрель). Манба: Google Earth.

Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи

Нима учун 1930 йилларда яратилган ва Эски шаҳарнинг деярли ягона боғи бўлган Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида бетонлаштириш ва меҳмонхона қуриш учун ер ажратиляпти?

Сунъий йўлдош фотосуратларидан парк майдонига тижорат ва нотижорат бинолар осонгина кириб келаётганини кўриш мумкин.


Абдулла Қодирий номидаги боғ (биринчи расм — 2019 йил май ойи, иккинчиси — 2021 йил апрель). Манба Google Earth.

Дўстлик боғи (собиқ Бобур боғи)

Нима учун Дўстлик боғини (собиқ Бобур боғи) чет эл компаниясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва у узоқ вақт давомида ёпиқ турибди?

Самодан олинган тасвирларда дарахтлар сонининг камаяётгани ва қуриган сув ҳавзаси яққол кўзга ташланади.


Собиқ Бобур боғи (биринчи расм — 2008 йил июль, иккинчиси — 2020 йил август). Манба: Google Earth.

Ғофур Ғулом номидаги боғ

Нима учун чет эл компаниясига ўтказишга қарор қилинган Ғофур Ғулом номидаги истироҳат боғи ҳам узоқ вақт мобайнида ёпиқ ҳолда қолмоқда? Боғ ушбу ҳудуд ва унинг атрофидаги аҳоли, айниқса, жазирама иссиқ пайтида дам олишлари учун муҳим аҳамиятга эга Чилонзор туманидаги энг катта яшил боғ.

Нафақат Ғофур Ғулом боғи ҳудудига, балки унга туташ ҳудудларга ҳам эътибор бериш муҳимдир. Боғ ичидаги сув ҳавзаси иккинчи йил қуруқ қолмоқда.

Суратларда стадион қурилиши, йўлнинг кенгайтирилиши ва кўприк қурилиши натижасида йўл бўйидаги қанча дарахт ва уларнинг атрофлари йўқолганлиги кўриниб турибди. Шунингдек, турар-жой массивлари ичида дарахтларнинг йўқолишини аниқ кўриш мумкин.


Ғофур Ғулом номидаги боғнинг атрофи (биринчи расм — 2008 йил май, иккинчиси — 2020 йил май). Манба: Google Earth.

Гулшан боғи

Нима учун Гулшан боғи ҳудудида боғнинг ўрнига тиббий клиникалар қурилмоқда?


Гулшан боғи (биринчи расм — 2018 йил август, иккинчиси — 2020 йил август). Манба: Google Earth.

Бахт кўли (Роҳат)

Бахт кўли нафақат шаҳар аҳолиси учун анъанавий дам олиш маскани, балки сувда сузувчи ва сувга яқин қушларнинг ноёб резервати ҳам бўлган.

1990 йилларда қўшни Роҳат кўл-боғи элита гольф клубига айлангандан сўнг, Бахт кўли бутун Бектемир туманидаги ягона боғ майдони бўлиб қолаётган эди. 1970 йилларнинг ўрталаридан тахминан 2000 йилларнинг бошларига қадар Бахт кўлидаги дам олиш зонаси Тошкентдаги энг кўп ташриф буюриладиган ва энг машҳур жойлардан бири бўлган.

Ҳозир кўл чет эл компаниясига топширилган ва қўриқхона ўрнида навбатдаги сити барпо этилмоқда.


Бахт кўли. Биринчи расм — 2006 йил июль, иккинчиси — 2020 йил август. Манба: Google Earth.

«Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси

Сокин ва яшил жой бўлган «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш пайтида нима учун дўкон, кафе ва амфитеатр учун ер бериш режалаштирилган эди?

Нима учун қатағон натижасида мамлакатнинг энг илғор вакиллари йўқ қилинганлар хотирасига барпо этилган ёдгорлик савдо ва кўнгилочар объектга айланмоқда? Жамоатчилик аралашувидан сўнг, Қурилиш вазирлиги чакана савдо шохобчалари, кафелар, амфитеатр, кўнгил очар жойлар ва бошқаларни лойиҳадан чиқариш тўғрисида эълон қилган бўлса ҳам, миллий боғлар ва мажмуаларда бундай ғоялар амалга оширилмаслигига кафолат борми?

Ботаника боғи

Шаҳар аҳолиси, шунингдек, Ўзбекистоннинг миллий бойлиги бўлган Ботаника боғининг тақдиридан жуда хавотирда. Бу жонли очиқ осмон остидаги табиат музейи. Музейда эса рақсга тушилмайди ва қўшиқ куйланмайди, у ерга табиатни ўрганиш ва ўқиш учун борилади. Табиатни ўрганиш сукунат ва ёлғизликни талаб қилади. Аммо сўнгги йилларда боғ ҳудудида тобора оммавий ва хусусий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Маҳорат дарслари, интеллектуал ўйинлар, рақс ансамбллари ва ёшлар рок гуруҳлари, шоирларнинг чиқишларини қўллаб-қувватлаш керак, албатта. Бироқ, бу тадбирларни Ботаника боғида олиб борилишини тўхтатиш керак. Шаҳарда бундай тадбирлар учун жойлар етарли. Ушбу мақола тайёрланаётганда, Тошкент ботаника боғида минглаб ёшлар учун икки кунлик тадбир бўлиб ўтди. Фотосуратларга қараганда, форумдан сўнг Ботаника боғи ходимлари ахлатларни тозалашлари ва иншоотларни демонтаж қилишларига тўғри келган. Форум арафасида шаҳар ободончилари ҳам дарахтлар орасидаги ўтларни юлишган, Ботаника боғи атрофида оғир юк машиналари ва автобуслар ҳаракатланишган.

Ботаника боғи «ободонлаштириш»га муҳтож эмас. Бу ерда велосипед йўллари, кафе ва бошқа иншоотларни қуришнинг ҳожати йўқ. Боғни фақат ўз ҳолига қўйиш керак. У шаҳар бюджетидан етарли молиялаштирилиши керак. Эслатиб ўтаман, Ботаника боғи — ўйин-кулги жойи эмас. Бу илмий жой.

Сувсиз шаҳар

Кўллар ва сув инфратузилмаси қуриши — биз, афсуски муваффақиятга эришган нарсага ўхшайди. Орол денгизи муаммоси ҳақида ҳаммамиз биламиз ва бизнинг географик жойлашувимиз бизни денгизга ёки океанга чиқиш нуқтаи назаридан қандай қийин аҳволга солиб қўйишини яхши биламиз. Дарёларимиз ва кўлларимиздаги сувни ҳам, ичимлик сувини ҳам исроф қила олиш ҳашамати бизда йўқ.

Лекин нима учун биз била туриб бунга бефарқмиз ва шаҳарларимиздаги барча шаҳар кўлларини қуритамиз? Бу аллақачон Тошкент шаҳри ҳаво сифатига таъсир кўрсатиб улгурган.

Истироҳат боғларисиз шаҳар ва бунинг оқибатлари

Биз «истироҳат боғи» сўз бирикмасининг таърифини унутганга ўхшаймиз. Истироҳат боғи — бу сайр қилиш ва дам олиш учун ажратилган ер майдони. Бу дарахтлар, ўтлар, гуллар, сув ҳавзалари ёки фавворалар билан кўкаламзорлаштирилган майдон. Бошқа ҳеч нарса эмас.

Шаҳар боғлари — бу одамлар бўш вақтларини ўтказадиган, шаҳарнинг шовқинидан дам оладиган ва шунчаки табиатдан завқланадиган жой. Нима учун биз ҳеч қандай маъмурий, технологик бинолар, умумий овқатланиш ва савдо шохобчалари, музейлар ва шовқинли аттракционларсиз шунчаки яшил, сокин боғга эга бўлолмаймиз? Дунёнинг озми-кўпми ривожланган шаҳарларининг барчасида анчадан буён аттракцион боғлар шаҳар ташқарисида барпо этилади. Собиқ Миллий боғда бўлгани каби айнан шаҳар марказида эмас.

Шаҳар боғлари нафақат дарахтзор жой, балки улар ҳар бир аҳолининг ҳаёт сифатини ва узоқ умр кўришини яхшилаш учун улкан салоҳиятга эга. Шаҳар боғлари, айниқса, мобиллиги чекланган ёки шахсий ҳордиқ чиқариш имконияти чекланган одамлар (масалан, шаҳар ташқарисида), шу жумладан ёшлар, қариялар, кам таъминланган одамлар учун жуда муҳимдир.

Лекин нима учун биз доимо буни эътиборсиз қолдирамиз?! Мен жамоат яшил боғларини хусусий мулкдорларга ўтказиш, уларни тижорат лойиҳалари, кафелар, дўконлар, кўнгилочар жойлар учун реконструкция қилиш нафақат яшил боғларнинг йўқолишига, балки жиддийроқ ва ҳатто ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигига эътибор қаратмоқчиман. Шаҳар боғларига барча учун тенг бўлмаган кириш имконияти ёки умуман кириш учун рухсат йўқлиги аҳолининг соғлиғига (жисмоний ва руҳий жиҳатдан) ва меҳнат самарадорлигига салбий таъсир қилади, шу билан бирга ижтимоий ва иқтисодий тенгсизликни кучайтиради.

Дарахтлардан баҳраманд бўлиш имкониятининг чегараланиши аҳолининг даромадларидаги фарқни кўрсатади. New York Times нашрининг яқинда эълон қилинган мақоласида бой одамлар боғ ва дарахтлардан кўпроқ фойдаланиш имкониятига эга эканликлари, натижада улар яши сифатдаги ҳаводан нафас олишлари ва соғлиғи яхшиланганлиги аниқ кўрсатилган. Хусусан, бадавлат америкаликлар яшаш жойларида даромади пастроқ бўлган ҳудудларга нисбатан 50% кўпроқ яшилликларга (дарахтлар ва боғларга) эга. Шу билан бирга, юқори даромадга эга бўлган одамлар шаҳарлар чеккасида яшаш, кўпроқ дарахтлардан баҳраманд бўлиш, табиатга ва чет элга тез-тез саёҳат қилиш имкониятига эга бўлишлари мумкин, аммо даромадлари чекланган одамлар бунга қодир эмаслар. Одатда улар йўллар, бинолар ва тўхташ жойлари каби бетон юзалар нисбати каттароқ бўлган жойларда ҳамда дарахтлар ва боғлар сони жуда чекланган ҳудудларда яшайдилар.

Тобора ёмонлашаётган Тошкент экологияси, тозалаш иншоотлари ва тиқилиб қолган каналлардан келадиган тунги бадбўй ҳид, қурилиш лойиҳалари натижасида келиб чиқадиган чанг бўронлари ва автомобиль йўллари бўйлаб ҳаво сифатининг доимий равишда ёмонлиги билан биргаликда фуқароларнинг соғлиғига қаттиқ зарба бериш билан таҳдид қилмоқда.

Буларнинг барчаси президент ва ҳукумат қарорларини бузган ҳолда ва (!) ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳимоясида дарахтларни оммавий ва доимий равишда кесиш, кўчаларни доимий равишда кенгайтириш ва даҳшатли чорраҳалар қуриш, шунингдек, турар-жой бинолари ҳовлиси олдидаги гулзорларни йўқ қилиш ва болалар ўйин майдончаларини бетонлаштириш билан бир вақтда содир бўлмоқда.

Шаҳар боғларини йўқотиш ҳақида фақат Тошкент мисолида гапиряпман. Бироқ, ушбу тенденцияни мамлакатнинг барча шаҳарларида кузатиш мумкин, ахир Тошкент ҳар доим бошқа ҳудудлар учун намуна бўлиб келган. Яқинда «Газета.uz» дарахтларнинг кесилиши туфайли Зарафшон миллий табиий боғи бир неча йил ичида яшил воҳадан деярли ярим чўлга айланганини ёзган эди.

Шаҳар боғлари ва саломатлик

Барчамиз инстинктив даражада шаҳарларда боғларнинг бўлиши яхши эканлигини биламиз. Яшил ўтлар, баланд дарахтлар ва табиат ҳиди билан кўркам боғда сайр қилиш бир зумда кайфиятни кўтаради ва умуман бу ҳудуд ҳақида яхшироқ тасаввур ҳосил қилади.

Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, яшил ҳудудларда яшовчи одамларда стресс, хавотир ва тушкунлик даражаси паст бўлиб, улар ғазаб ва тажовузкорликнинг паст даражасини ҳис қилишлари ҳақида айтишади. Юрак касаллиги ўлим ҳолатлари ва умумий ўлим кўрсаткичлари яшил ҳудудларда яшовчилар учун 12−15 фоизга камроқ. АҚШда, шумтол қўнғизи томонидан зарарланган шумтол дарахтларининг аста-секин йўқ бўлиб кетиши юрак-қон томир касалликлари ўлимининг тобора кўпайиб бориши билан боғлиқ эканлиги аниқланган эди. Бу эса дарахтлар нобуд бўлган жойларда одамлар ҳам вафот этишлари мумкинлигидан дарак беради.

Тадқиқотга кўра, боғларни яратиш ва сақлашга сарфланган ҳар бир доллар соғлиқни сақлаш харажатларидан қарийб 3 долларни тежайди.

Шаҳар боғлари ва пул

Боғларни ёпиш ёки шаҳар яшил боғларини хусусий мулкдорларга бериш тарафдорлари ўз ҳаракатларини оқлаш учун фойдаланиши мумкин бўлган баъзи аргументларни кўриб чиқамиз.

Аргумент: «Бизнинг шароитимизда истироҳат боғлари зарарга ишлайди, фойдасиз ва давлат дотациясида туради. Бундан келиб чиқадики, боғни пул ишлайдиган қилиб қайта қуриш керак».

Шунақа баҳона билан бизнинг боғларимизни хусусий мулк эгаларига ўтказишга ҳаракат қилишмоқда. Шаҳар боғлари шаҳар муниципалитети учун фойда келтирмаслиги рост. Шаҳар боғлари ўзининг сақланишини молиявий томондан оқламайди. Аммо улар одамлар ва шаҳар учун катта иқтисодий аҳамиятга эга. Боғларнинг баъзи бир афзалликлари иқтисодий нуқтаи назардан баҳоланади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, яшаш жойи яқинида шаҳар боғининг мавжудлиги мулк қийматини 10−30 фоизга (боғдан 600 метргача) оширади. Боғнинг яқинлиги, шунингдек, ушбу ҳудудда жойлашган корхоналарнинг фойдаси ва қийматини оширади. Бу, асосан, одамлар кўкаламзорлаштирилган жойларда яшаш ва ишлашни афзал кўришлари билан боғлиқ.

Боғлар кўплаб экологик афзалликлари, шу жумладан ўсимлик ва ҳайвонларнинг яшаш жойларини сақлаб қолиш, ҳавонинг ифлосланишини камайтириш ва сувни фильтрлаш билан биргаликда маҳаллий бюджетларга ҳам, яқин атрофдаги аҳолига ҳам иқтисодий фойда келтиради. Яхши парваришланган боғлар ва улар учун етарлича ерни тежаш молиявий даромад келтириши мумкин, бу кўпинча сармояланган маблағ (боғларни қуриш учун) ва парваришлаш харажатларидан ошиб кетади.

Боғларни шаҳар муҳитига яхши интеграциялашуви натижасида камроқ кўзга ташланадиган иқтисодий фойда ҳам мавжуд. Аввалроқ айтиб ўтганимдек, боғлар яқин атрофда яшовчиларнинг соғлиғини яхшилайди. Бу одамлар соғлиқни сақлашга кам пул сарфлашларини англатади. Масалан, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Филадельфиядаги (Пенсильвания, АҚШ) жамоат боғлари йилига шаҳар учун 1 миллиард доллардан кўпроқ маблағни тежайди, бу ҳар йили уларни парваришлашга сарфланадиган маблағдан 100 баравар кўпроқ.

Боғларнинг афзалликлари жуда кўп ва улар кўп жиҳатларда бир-бирига боғлиқдир. Атроф муҳитни яхшилаш одамларнинг бахтини ва соғлиғи яхшиланишини англатади, бу иқтисодий ўсишга ёрдам беради, бу ҳаёт сифатини янада яхшилайди ва ҳоказо. Ушбу рекурсив позитивлик боғлар уларни яратадиган ва қўллаб-қувватлайдиган шаҳарларга кенг қамровли ва яхлит фойда келтиришини англатади.

Аргумент: «Боғ ташландиқ ва яроқсиз эди, шунинг учун биз ундан яхшироқ фойдаланиш йўлини топишимиз керак».

Эҳтимол, бу боғлар ҳудудга эътибор берилмаганлиги ва аста-секин ифлосланиши туфайли машҳурлигини йўқотаётгандир, аммо бу муаммоларни ҳал қилиш мумкин. Ва бу боғни ёпиш ва дўконлар ҳамда аттракционлар бўлган шовқинли жойга айлантириш учун баҳона бўлиб хизмат қила олмайди.

Аргумент: «Боғ сайёҳларни жалб қилиши керак».

Чет эллик сайёҳлар шаҳарнинг ўзига хослигини ва тарихий меросини кўриш учун келишади. Агар биз «ҳаммаси сайёҳларни жалб қилиш учун» деган аргументни ишлатадиган бўлсак, афсуски, шу йўл билан биз ҳозироқ илгари сайёҳлар биринчи навбатда ташриф буюрган рўйхатдан Тошкентнинг энг машҳур сайёҳлик йўналишларидан бирини чиқариб ташлаган бўламиз.

Аргумент: «Инвестор боғни бошқаришни сиздан яхшироқ билади».

Ушбу аргумент шунчаки ерларни давлат мулкидан хусусий мулкка қайта тақсимлаш учун ишлатилади. Биринчидан, ҳар қандай инвесторнинг мақсади даромадни кўпайтиришдир. Агар одамларга қарашли шаҳар боғининг ерлари инвесторга берилса ёки ижарага берилса, у ҳолда инвестордан одамлар манфаатларини кўзлашини кутиш мумкин эмас. Инвестор тижорат бинолари, клиникалар, меҳмонхоналар, кўнгилочар боғлар ёки дўконларни қуради — барчаси дастлабки сармояни қайтариш ва кўпроқ пул ишлаш учун. Бошқача қилиб айтганда, аввалги боғнинг ерларидан олинадиган фойда энди қачонлардир боғга эгалик қилган, ундан фойдаланган ва ундан завқ олган аҳоли ўртасида эмас, балки инвесторлар ўртасида тақсимланади.

Умуман олганда, дарахтларни кесиш ва истироҳат боғлари ва яшил майдонларни қисқартириш орқали биз нафақат атроф-муҳитни йўқ қиламиз, балки аҳоли ўртасида тенгсизликни кучайтирамиз, аҳолини носоғломроқ, бахтсизроқ ва камбағалроқ қиламиз.

Қўшниларда нима гап?

Олмаотада тўққизта янги истироҳат боғи барпо этилмоқда, бу ерни шаҳар мулкига қайтаради. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам Олмаотанинг марказида кўп қаватли уйлар қурилиши ва шаҳарни кўкаламзорлаштириш муаммоси ҳақида қайғурди. Унинг сўзларига кўра, «раҳбарларнинг бугунги авлоди табиат ва яшил майдонларнинг душманлари сифатида тарихга тушиб қолиш хавфи остида».

Тбилиси шаҳар мэрияси учун рекреация зоналарини ривожлантириш биринчи вазифа деб эълон қилинди. Бунинг учун минглаб гектар ерлар ҳозир кўкаламзорлаштириш жараёнидан ўтмоқда. Шаҳар мэрияси тарихий ёдгорлик бўлган Ваке боғини тикламоқда. Ҳудудни тавсифловчи барча тафсилотлар сақланиб қолинмоқда ва тикланмоқда. Тошкентдан фарқли ўлароқ, Тбилиси мэрияси шаҳарнинг энг муҳим рекреация зонаси — Тошбақа кўлини тикламоқда.

Киев мэрияси ташландиқ «Совки» паркини янгилаб, тиклади. Янгиланган боғда на кафе, на дўкон, на аттракцион мавжуд.

Бишкекда янги боғлар ва хиёбонлар барпо этилмоқда, пиёдалар учун яшил зоналар кўпайтирилмоқда.

Нима учун Ўзбекистон шаҳарлари бу шаҳарлардан фарқ қилиши ва тескари йўналишда кетиши керак?

Нима қилиш керак?

Ҳар доим савол туғилади, энди нима бўлади? Биринчи қадам сифатида биз ҳозир қилаётган ишимизни тўхтатишимиз керак:

  1. Дарахтларни кесишни тўхтатиш керак. Ҳар қандай дарахтларни. Истисноларсиз.
  2. Шаҳар боғларини ёпишни, уларни чакана савдо дўконлари, кафелар ёки тижорат бинолари учун реконструкция қилишни тўхтатиш керак. Боғларда аттракционлар, пластик ва бетон майдонлар керак эмас. Шаҳар боғларини ўз ҳолига қўйиш керак.
  3. Яшил зоналар ҳисобига қуриб битказилган турар жойлар ичида қурилишни тўхтатиш ва бўш жойларни яшил зоналарга айлантириш керак.
  4. Автомобиллар учун мавжуд кўчаларни кенгайтиришни тўхтатиш, янги кенг йўллар ва ўтиш жойлари қурилишини қайта кўриб чиқиш керак (бу ҳақда кейинги мақолада батафсил).
  5. Мавжуд эски инфратузилма устида ҳар қандай биноларнинг қурилишини тўхтатиш керак.

Ва ниҳоят, аҳолининг ҳовлилари, кўчалари, шаҳарларида ҲАР ҚАНДАЙ лойиҳани амалга оширишдан олдин уларнинг фикрларини инобатга олмасликни тўхтатиб, уларни тинглашни бошлаш керак.

Сўнгсўз

Варварлар ҳамма жойда ва ҳар доим бўлган. Шунинг учун қонун ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, судлар ва парламент мавжуд. Агар оддий қоидага риоя қилинса, юқорида тилга олинганларнинг барчаси амалга оширилади ва ҳар бир дарахт сақлаб қолинади: ҳар ким ўз ишини бажаради ва Конституцияга амал қилади. Давлат ва мансабдор шахслардан битта нарса талаб қилинади: ўз мажбуриятларини бажариш — қонун устуворлигини таъминлаш ва Конституцияга риоя қилиш:

«Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир». (55-модда).

Афсуски, бизда ҳали ҳам умумий манфаат нима ва нима учун дарахтлар ва боғларни ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам ҳимоя қилишимиз кераклиги тўғрисида тушунча ва бирдамлик етишмаётганга ўхшайди. Баъзилар дарахтларни ёқтирмайдилар, чунки уларга тўсиқдек қаралади, дарахтлар машиналарга қулаб тушади, ресторан кўринишини тўсади ёки шунчаки ўтин учун ишлатилади. Аммо Конституцияга риоя қилиш керак:

«Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар». (50-модда).

Биз ҳам қисман айбдормиз, ҳар бир фуқаро. Бировни айблаш ҳар доим ҳам осон, аммо дарахтларни, шаҳар боғларини асраш, пиёдалар учун шаҳарлар яратиш, ҳаво сифати ва экология каби мавзуларнинг аксарияти биз шахсан тўқнаш келаганимиздагина бизни ташвишга солишни бошлайди. Ҳар биримиз ўз сукутимиз билан шаҳар боғларининг йўқ қилинишига ҳисса қўшамиз.

Кўчаларингизда, маҳаллаларингизда кесилаётган дарахтларни кўрганингизда ёки сизнинг ҳудудингиздаги шаҳар боғлари тўсатдан тўсиб қўйилганда жим турмаслик керак. Агар биз ҳақиқатан ҳам фуқаролик жамиятини қурмоқчи бўлсак, бу аввало бизга тегишли бўлган нарсаларни ва умумий манфаатларни ҳимоя қилишдан бошланади.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламасилиги мумкин.