Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Президент давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат 2020 йилнинг 26 декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 29 май куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Аввал хабар қилинганидек, қонунни қабул қилиш зарурати 2018 йилнинг январь ойида ташкил этилган Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолияти давлат раҳбарининг ёпиқ қарорлари билан тартибга солингани, очиқ тарздаги норматив-ҳуқуқий хужжатлар мавжуд эмаслиги билан асосланди.

Қонун 8 боб, 49 моддадан иборат бўлиб, ПДХХнинг асосий вазифалари, фаолиятининг асосий йўналишлари ва принциплари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қўриқланадиган шахслар ва объектлар, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар, совуқ ўқотар қуролларни қўллаш шартлари ва бошқаларни қамраб олган.

Ҳужжатга мувофиқ, ПДХХга президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис бошчилик қилади. ПДХХ бевосита президентга бўйсунади ва унга ҳисобдор. Унинг фаолияти устидан назорат бош прокурор ва унга бўйсунадиган прокурорлар томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади. ПДХХ ҳарбий хизматчиларининг қонуний талаблари фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурий.

ПДХХ томонидан қўриқланадиган шахслар қуйидагилардан иборат:

  • Президент сайлови натижалари МСК томонидан расман эълон қилинган кундан эътиборан Ўзбекистон президенти ва унинг оила аъзолари;
  • Собиқ президент ва унинг бутун ҳаёти давомида оила аъзолари;
  • Янги сайланган президент лавозимига киришгунига қадар президент вазифаларини ва ваколатларини бажарувчи шахс;
  • Ўзбекистон ҳудудида бўлган вақтда чет давлатларнинг, ҳукуматларнинг, парламентларнинг, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, чет давлатларнинг бошқа сиёсий ва жамоат арбоблари, шунингдек, уларга ҳамроҳлик қилаётган оила аъзолари.

ПДХХ ҳуқуқлари қаторидан тезкор қидирув ҳамда контрразведка фаолиятини олиб бориш, терговга қадар текширув ўтказиш, гумондор, ҳуқуқбузарлик содир этаётган ёки содир этган шахсларни ушлаб туриш, қўриқланадиган шахслар турган объектлар, ҳаракатланиш йўналишлари ва уларга туташ ҳудудлар устида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни тақиқлаш, навигация сигналларига тўсиқ қўйиш, шунингдек, мазкур аппаратларга шикаст етказиш ёки уларни йўқ қилиш кабилар ўрин олган.

ПДХХ мажбуриятлари қаторига қўриқланадиган шахслар ва объектлар хавфсизлигини таъминлашдан ташқари, терроризмга қарши курашиш, қўриқланадиган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига таҳдидларнинг (тажовузларнинг) олдини олиш ҳамда чоралар кўриш юзасидан мониторингни амалга ошириш киради.

ПДХХ ҳарбий хизматчилари жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар, совуқ ва ўқотар қуролларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, Президент давлат хавфсизлик хизмати 2018 йил февраль ойида ташкил этилган. 2019 йил августида Давлат хавфсизлик хизматининг президент, унинг оила аъзолари, шунингдек хорижий давлатлар раҳбарларини Ўзбекистонга ташрифлари чоғида ҳимоя қилиш бўйича ваколатлари ПДХХга ўтказилди.

2020 йил декабрь ойида ушбу хизматга Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Алишер Усмонов раҳбар бўлди. Ушбу лавозимда ишлаган Баҳодир Тошматов эса президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари этиб тайинланди.