6 июль куни Самарқанд вилояти ҳокими иштирокида ҳокимлик соати бўлиб ўтди ва унда вилоятда коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича маълумот берилди.

Қайд этилишича, вилоятда жорий йилнинг 1−10 июнь кунлари 233 нафар беморда COVID-19 инфекцияси аниқланган бўлса, 25 июндан 5 июлгача 860 нафар фуқаро касалликка чалинган.

5 июль ҳолатига вилоятда 524 нафар бемор (147 нафари касалликнинг симптомсиз енгил шакллари билан уй шароитида, 377 нафари оғир ва ўрта оғир шакли билан стационарда) коронавирусдан даволанмоқда.

«Газета.uz» мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилаётган кунлик статистика бўйича Самарқанд вилоятида қайд этилган касалликлар сонини ҳисоблаб чиқди. Унга кўра, вилоятда 25 июндан 5 июлгача 693 кишида касаллик қайд этилган.

Хусусан, ССВнинг маълумотларига кўра, Самарқанд вилоятида 25 июнь куни 90 киши, 26 июнь куни 85 киши, 27 июнь куни 58 киши, 28 июнь куни 85 киши, 29 июнь куни 85 киши, 30 июнь куни 72 киши, 1 июль куни 52 киши, 2 июль куни 32 киши, 3 июль куни 41 киши, 4 июль куни 44 киши, 5 июль куни 49 киши коронавирус касаллигига чалинган.

Ўтган йилнинг октябрь ойида ҳам Самарқанд вилоятидаги коронавирус ҳолатлари бўйича хатоликлар кузатилган эди. Ўшанда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд вилоятида 143 нафар коронавирус бемори мавжудлигини эълон қилган бўлса, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳақиқий рақамлар 1155 нафарни ташкил этишини маълум қилган. Агентлик раҳбари Акмал Бурхонов бундай вазият барча ҳудудларда кузатилаётганини таъкидлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, ўтган ҳафтадан Самарқанд вилоятида ҳам 18 ёшдан катта бўлган аҳолини коронавирусга қарши ихтиёрий равишда оммавий эмлаш ишлари бошланди.