Ўзбекистонда коронавирус бўйича ташкил қилинган Call-марказларга мурожаатлар сони кўпайган, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон 24» телеканали.

Маълум қилинишича, ҳозирда Call-марказда 30 нафар мутахассис уч сменада қўнғироқларни қабул қилмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирда Call-марказга кунига 1100−1200 та мурожаат келиб тушмоқда. Бу 20 кун аввалга қараганда 3 баробар кўп.

«Аҳолидан кеча [4 июль куни] 1360 та мурожаат келиб тушган. 20 кун аввал кунига 300−400 та қўнғироқ бўлиб турарди» — дейди Call-марказ мутахассиси Феруз Тожиев.

Таъкидланишича, мурожаатчиларнинг аксарияти Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги COVID-19 билан оғриган беморларни қабул қилаётган шифохоналарнинг манзили ва телефон рақамини сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 16 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 1003 ягона қисқа рақамли Call-марказ ишга туширилган эди.